Жаҳон | 22:52 / 02.11.2023
26327
2 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Ғазо шаҳрига кирганини эълон қилди

ҲАМАС жангчилари уларга қаршилик қилаётгани айтилди.

Ҳерци Ҳа-Леви Фото: Исроил мудофаа кучлари

Исроил мудофаа кучлари бош штаби бошлиғи Ҳерци Ҳа-Леви Исроил ҳарбийлари аллақачон Ғазо шаҳрида ҳаракат қилаётганини маълум қилди, деб ёзди The Times of Israel.

«Биз урушнинг яна бир муҳим босқичига ўтдик. Ҳарбийлар Ғазо шимолининг марказида бўлиб, шаҳарда ҳаракат қилмоқда, уни ўраб олмоқда, [қуруқлик ҳужумини] кенгайтирмоқда ва олға силжимоқда. Қўшинлар профессионал жанговарлик ва жасоратни талаб қиладиган зич ва мураккаб шаҳар шароитида жанг қилмоқда», деди у.

Унинг сўзларига кўра, ҳарбийлар аниқ разведка маълумотлари олинганидан кейин юзма-юз жангга киришмоқда, уларга ҳаво ва денгиз кучлари зарба билан кўмаклашмоқда. Ҳа-Леви сўзларига кўра, Ғазо секторида қуруқлик операцияси бошланганидан бери 18 нафар исроиллик аскар ҳалок бўлган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, ўз навбатида, Исроил қўшинлари Ғазо шаҳри чеккасидан ичкарироққа силжиганини айтди.

«Биз жангларнинг энг юқори чўққисида турибмиз. Биз ажойиб муваффақиятга эришдик ва Ғазо шаҳрининг чеккаларидан ўтдик. Биз олдинга интиляпмиз», деди у.

Reuters агентлигига кўра, Исроил қўшинлари ва танклари 2 ноябр куни Ғазо шаҳрига юриш қилган, ҲАМАС жангчилари қаршилигига учраган. Улар Исроил армиясини миномётлардан ўққа тутган.

Мавзуга оид