08:40 / 02.11.2023
1939

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги стипендиясини тайинлаш ва тўлаш тартиби эълон қилинди

Стипендия ҳар ойлик тўлов шаклида Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон жамоалари асосий ёки захира таркибига киритилган, шунингдек тегишли мезонларга мос келувчи спортчиларга тайинланади.

Фото: Kun.uz

Ёшлар сиёсати ва спорт вазирининг “Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги стипендиясини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги буйруғи лойиҳаси эълон қилинди.

Лойиҳа билан қуйидагилар белгилаб ўтилмоқда:

  • стипендия ҳар ойлик тўлов шаклида Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари бўйича Ўзбекистон жамоалари асосий ёки захира таркибига киритилган, шунингдек низом иловасида кўрсатиб ўтилган мезонларга мос келувчи спортчиларга тайинланиши;
  • стипендияга номзодларнинг рўйхатини шакллантириш ҳамда стипендия тайинлашни Стипендия комиссияси амалга ошириши;
  • Стипендия комиссиясининг стипендияга номзодлар маълумотларини кўриб чиқиш ва стипендияга номзодларнинг рўйхатини шакллантириш бўйича асосий вазифалари;
  • Стипендия комиссияси мажлислари ҳар чоракда камида икки марта ўтказилиши, Стипендия комиссияси мажлисларига раис бошчилик қилиши, мажлисларда кун тартибига киритилган масалалар юзасидан коллегиал қарорлар қабул қилиниши;
  • Миллий паралимпия қўмитаси ва Спорт турларини ривожлантириш республика марказлари томонидан стипендияга номзодларнинг рўйхати Стипендия комиссиясига тақдим қилиниши;
  • масъул ижрочилар стипендияга номзодлар рўйхати билан биргаликда Стипендия комиссияси кўриб чиқиши учун спортчиларнинг мусобақаларда эришган натижаларини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим қилиши;
  • Стипендия комиссияси масъул ижрочилар томонидан тақдим қилинган ҳужжатларни 10 кун ичида кўриб чиқиб, стипендияга тавсия қилинган спортчилар рўйхатини шакллантириши ҳамда умумий овоз бериш йўли билан стипендия тайинлаш тўғрисида қарор қабул қилиши;
  • Ўзбекистон давлат бюджети маблағлари ҳисобига стипендия учун ажратиладиган маблағлар ҳажми тегишли йил учун вазирликнинг харажатлари сметасида назарда тутилиши;
  • вазирлик Стипендия комиссиясининг стипендия тайинлаш ҳақидаги қарори асосида масъул ижрочиларнинг тижорат банкларидаги асосий ҳисобварағларига маблағларни ўтказиб бериши;
  • Стипендияни тўлаш масъул ижрочиларнинг хизмат кўрсатувчи банкида очилган спортчиларнинг шахсий пластик карточкаларига ёки депозит ҳисобрақамларига молиявий маблағларни ўтказиш йўли билан масъул ижрочилар томонидан амалга оширилиши;
  • Стипендия комиссиясининг стипендия тайинлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинган ойдан бошлаб спортчига стипендия ҳисобланиши ва тўлаб борилиши, стипендия спортчи томонидан белгиланган мезонлар бажарилган муддатдан кейинги натижага эришгунга қадар белгиланиши;
  • спортчи жамоалар асосий ёки захира таркибидан чиқарилган тақдирдагина Стипендия комиссия қарори билан спортчига стипендия тўлаш тўхтатилиши;
  • стипендияни тўлаш спортчи терма жамоа таркибидан чиқарилган ойнинг охирги санасидан тўхтатилиши.
Top