Спорт | 19:12 / 07.04.2026
1599
2 дақиқада ўқилади

Олий спорт маҳорати мактаблари ўрнига «Олимпия терма жамоалари маркази» ташкил қилинади

Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Унда қайд қилинишича, Тошкентдаги 7 та олий спорт маҳорати мактаби тугатилиб, ўрнига Олимпия шаҳарчасида «Олимпия терма жамоалари маркази» ташкил қилинади. Жойлардаги 56 та ихтисослашган спорт мактаби ҳам марказнинг бошқарувига ўтади.

Йиғилишда қайд қилинишича, Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, профессионал спортда селекция тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади. Жорий йилдан Президент Олимпиадаси доирасида мусобақа ўтказиладиган спорт турлари 2 карра кўпайтирилиб, 21 тага етказилади. Энди мазкур олимпиада параспорт бўйича ҳам ўтказилиши белгиланди.

Ҳар бир туман, вилоят ҳокими ўз ҳудудида Ҳоким олимпиадасини ташкил қилади. Ушбу мусобақалар ғолиблари Президент олимпиадасига йўлланма олади.

Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлими директорлари бир вақтнинг ўзида вилоят ҳокимларига спорт бўйича маслаҳатчи бўлади.

Пойтахтдаги 7 та олий спорт маҳорати мактаби тугатилиб, ўрнига Олимпия шаҳарчасида «Олимпия терма жамоалари маркази» ташкил қилинади. Жойлардаги 56 та ихтисослашган спорт мактаби ҳам марказнинг бошқарувига ўтади.

Адаптив спорт турлари бўйича кадр тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими ҳам ўзгаради. Герсен номидаги Россия давлат педагогика университетининг Тошкент филиали инклюзив спорт бўйича таянч олийгоҳга айланади.

Спорт вазири А.Икрамов, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ш.Мирзиёева, Паралимпия қўмитаси раиси М.Ташхожаевга тегишли қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Президент бугун пара спортчиларимиз эришаётган натижаларда уларга тун-у кун ҳамроҳлик қилаётган фидойи инсонларнинг ҳиссаси катта эканини таъкидлади.

Энди ўқув-йиғин машғулоти, республика ва халқаро мусобақаларда пара спортчига ҳамроҳлик қилганларга транспорт ва яшаш харажатлари қоплаб берилади. Уларга ҳар ойда спорт мактаблари тренерлари ойлигига тенг миқдорда маош тўланади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид