Спорт | 19:13
1020
3 дақиқада ўқилади

Футбол бўйича Суперлига ўйинлари соат 19:00 дан кейин белгиланиши мумкин

Шавкат Мирзиёев раислигида 7 апрель куни жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди. Футбол бўйича миллий чемпионат ўйинлари баъзида иш вақтида ўтказилаётгани, шу боис, мухлислар давомати кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди. Агар ўйин вақти дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланса, клублар учун 2-3 карра кўп тушум бўлиши айтилди.

Фото: Kun.uz

Йиғилишда қайд қилинишича, яқинда имзоланган Президент қарори билан спортга ҳомийлик қиламан деган тадбиркорлар учун манфаатли шароитлар яратилди. Энди федерация бир йиллик харажатининг 20 фоизи миқдорида ҳомийлик қилган тадбиркор бошқарув аъзолари таркибига киради. Профессионал футбол клубининг йиллик 20 фоиз харажатини қоплаган тадбиркор клубни ишончли бошқарувга олиши мумкин бўлади.

“Умуман, Ўзбекистонда спорт инсон саломатлиги ва юқори натижалар гарови бўлиш билан бирга даромад келтирадиган соҳага ҳам айланиши зарур”, деди давлат раҳбари.

Мисол учун, футбол бўйича миллий чемпионат ўйинлари баъзида иш вақтида ўтказилаётгани, шу боис, мухлислар давомати кутилганидек бўлмаётгани кўрсатиб ўтилди.

Агар ўйин вақти дам олиш куни ёки иш кунлари кечки соат 19:00 дан кейин белгиланса, стадионлар атрофида аҳолига қизиқарли қўшимча хизматлар, мусиқий ва кўнгилочар тадбирлар ташкил қилинса, ўйин кунлари мухлислар учун қулай транспорт қатнови йўлга қўйилса, рақиб жамоа мухлисларига арзон футбол турпакетлари таклиф қилинса, клублар учун 2-3 карра кўп тушум, мухлислар учун мазмунли ҳордиқ, тадбиркорларга қўшимча даромад бўлади.

Мутасаддиларга мана шу ишлар орқали стадионларга мухлислар ташрифини кескин ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда жойларда 39 та очиқ ва ёпиқ спорт иншооти таъмирталаб бўлгани боис, тўлиқ фойдаланилмай тургани кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга бу жойларни замонавий спорт мажмуаларига айлантириш учун қулай шартларда хусусий шерикликка бериш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди.

Бугун 100 мингдан ортиқ ёшлар олимпия ўйинига кирмаган спорт турлари билан доимий шуғулланяпти. Улар дзюдо, спорт курашлари, таэквондо, қиличбозлик, оғир атлетика каби олимпия спорт турлари учун тайёр захира экани таъкидланди.

Спорт вазирлиги ва ҳокимларга спорт мактабларида ёшлар қизиқадиган ноолимпия спорт турлари бўйича ҳам секциялар фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ноолимпия спорт турлари конфедерациясини ташкил қилиш таклифи маъқулланди.

“Шу ўринда яна бир масалага тўхталмоқчиман: ўтган ҳафта янги қонунни қабул қилиб, ҳар бир вазир, федерация раҳбари, ҳокимни жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги масъулияти, мажбурияти ва жавобгарлигини аниқ белгилаб қўйдик. Бундан буён ушбу раҳбарлардан талаб ҳам, сўров ҳам шунга яраша бўлади!”, деди президент.

Йиғилиш давомида давлат раҳбари соҳа раҳбарлари ва ҳокимларнинг ҳисоботларини тинглади, тадбиркор ва спортчилар билан мулоқот қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид