Жаҳон | 21:39 / 03.11.2023
15157
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған туркий давлатлар учун умумий алифбо жорий этишни таклиф қилди 

Бирлигимизни мустаҳкамлашда тил жуда муҳим, деди Туркия раҳбари. 

Фото: akorda.kz

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон туркий давлатлар учун ягона алифбо яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда Tengrinews хабар берди. 

«Тилимиз, маданиятимиз ва тарихимиз асосида инсоний муносабатларимизни мустаҳкамлаш учун олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик борасида саъй-ҳаракатларимизни давом эттирмоқдамиз. Албатта, бирлигимизни мустаҳкамлашда тил жуда муҳим. Умумий алифбо ҳам муҳим ва бу борада президентларнинг қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Олий таълим кенгаши томонидан ташкилотимиз котибиятига тақдим этган таклиф, ишончим комилки, ташкилотимиз томонидан кўриб чиқилади», деди Эрдўған Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилоти йиғилишида. 

2023 йил май ойида Остона шаҳрида Турк дунёси умумий алифбоси бўйича комиссиянинг биринчи йиғилиши ўтказилди. 

Унда Туркий тиллар академияси президенти Шайн Мустафоев сўзга чиқиб, умумий алифбо бўйича таклифлар ишлаб чиқилганини маълум қилди. 

«Янги алифбога ўтиш ҳар доим давлатнинг ички иши ҳисобланади. Ҳар бир давлат бу муаммони ўзи ҳал қилади. Бизнинг вазифамиз - таклифлар пакетини ишлаб чиқиш. Агар туркий давлатлардан бирортаси шундай қарорга келса, бу тавсиялар асосида алифбонинг энг мақбул, оқилона вариантини танлаш мумкин. Албатта, ҳар бир давлат қайси алифбони қандай шаклда қабул қилишни мустақил ҳал этади. Аммо агар барча давлатлар лотин алифбосига ўтса, унда биз алифболар имкон қадар бир-бирига яқин, турли туркий халқлар вакиллари учун ўзаро тушунарли бўлишини истаймиз», деган эди Шайн Мустафоев.

Мавзуга оид