ЕИ: ЯСТТШни дератификация қилиш - Россиянинг ўз мажбуриятларини бузиши
Россия Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома иштирокчиси сифатида ЯСТТШнинг тезроқ кучга кириши учун ҳаракат қилишга ва уни барча каналлар орқали тарғиб қилишга ваъда берган, деб эслатди Брюссел.
Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома (ЯСТТШ)ни асоссиз равишда дератификация қилиш Россиянинг халқаро хавфсизлик архитектураси бўйича ўз мажбуриятларини эътиборсиз қолдириши ва ядро қуролини тарқатмаслик бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга путур етказишидир. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррелнинг 2 ноябр, пайшанба куни эълон қилинган баёнотида айтилади.
Европа Иттифоқи Россияда ЯСТТШни ратификация қилишни бекор этувчи қонун қабул қилинганидан чуқур афсусда ва Москвани унинг мақсад ва вазифаларини ҳурмат қилишга чақиради. Брюсселнинг эслатишича, Россия Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартноманинг (ЯҚТШ) иштирокчиси бўлган давлат сифатида ЯСТТШ тезроқ кучга кириши ва уни барча каналлар орқали энг юқори сиёсий даражада илгари суришга ваъда берган. Президент Владимир Путиннинг янги қонунни имзолаши «Россиянинг БМТ Хавфсизлик кенгаши доимий аъзоси сифатидаги мақоми билан кучайган ушбу мажбуриятларга нисбатан орқага қадамдир», дейилади баёнотда.
Боррелнинг таъкидлашича, бу ҳаракат Россиянинг Украинага қарши уруши ва бир неча ойлик «масъулиятсиз ядровий риторика ва таҳдидлар»дан сўнг амалга оширилган, уларнинг баъзилари ядровий синовларнинг қайта тикланишига ишора қилади. Олий вакил Европа Иттифоқи номидан ядровий қурол синовлари ва бошқа ҳар қандай ядровий портлашларга қўйилган мораторийга барча давлатлар тўлиқ риоя қилиши халқаро тинчлик ва хавфсизлик учун муҳим аҳамиятга эга эканини билдирди.
Путин қонунни бир неча соат олдин, 2 ноябр куни имзолади. 17 ва 18 октябр кунлари Россия Давлат думаси депутатлари спикер Вячеслав Володин номидан халқаро ишлар бўйича ихтисослаштирилган қўмита томонидан тайёрланган шартномани дератификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни бир овоздан уч ўқишда қабул қилди. 25 октябр куни дератификацияни ўша куни овоз беришда иштирок этган Россия Федерация кенгашининг барча аъзолари ҳам қўллаб-қувватлади.
Шартнома ҳали ҳам кучга кирмаган
Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома 1996 йил сентябр ойида БМТ Бош ассамблеяси томонидан қабул қилинган. У 2021 йилда янги саккизта давлат томонидан ратификация қилинган, жами - 178 та. Бироқ дастлабки рўйхатдаги саккизта давлат томонидан ратификация қилинмагани сабабли кучга кирмаган. Рўйхатга 44 давлат, жумладан, АҚШ ва Хитой киритилган.
Россия Мудофаа вазирлиги 25 октябр куни душман ядровий зарбаси содир бўлган тақдирда «оммавий ядровий зарбалар тайёрлаш» бўйича машғулот ўтказганини эълон қилди. Машғулотлар Путиннинг шахсий назорати остида ўтди, деди вазирлик раҳбари Сергей Шойгу.
Ядровий синовларни тўлиқ тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти (ЯСТТШТ) ядро синови портлашини исталган вақтда ва исталган жойда аниқлашга қодир ноёб глобал мониторинг тизимига эга. СССРдан фарқли ўлароқ, Россия ҳалигача ядро синовларини ўтказмаган.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46 / 16.11.2024