Жаҳон | 22:40 / 14.11.2023
12692
2 дақиқада ўқилади

Нетаняҳу устидан Халқаро жиноят судига ариза берилди

У Ғазо секторида геноцидда айбланмоқда. 

Фото: AFP

Туркиялик ҳуқуқшунослар Метин Кулунк, Мукаҳит Биринчи ва Буроқ Бекирўғли Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу устидан Туркия Адлия вазирлиги орқали Халқаро жиноят судига даъво аризаси билан мурожаат қилди. 

Адвокатлари уни геноцид ва ҳарбий жиноятларида айбламоқда. Даъво 23 саҳифадан иборат. Бу ҳақда Кулунк ижтимоий тармоқда ёзди. 

«Биз Адлия вазирлиги аризамизни қаноатлантиришига шубҳа қилмаймиз. Биз бу масалани, жумладан, Халқаро жиноят суди томонидан ўтказиладиган эҳтимолий терговни кузатиб борамиз», дейилади баёнотда. 

4 ноябр куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу билан мулоқотни тўхтатаётганини маълум қилди. Шу куни Туркия Исроилдан ўз элчисини чақириб олди. Бундан олдин Исроил ТИВ барча дипломатик вакилларини Туркиядан чақириб олган эди. 

28 октябр куни Истанбулда Туркияда ҳукмрон «Адолат ва тараққиёт» партияси томонидан Ғазо секторини қўллаб-қувватлаш митинги бўлиб ўтди. Митингда сўзга чиққан Туркия президентининг айтишича, тадбирда 1,5 миллион киши қатнашган.

Мавзуга оид