Шимолий Корея баллистик ракеталар учун двигателнинг янги турини синовдан ўтказди
Японияга кўра, қаттиқ ёнилғида ишлайдиган двигателларни синовдан ўтказиш орқали Пхенян ўзининг «кутилмаганда ҳужум қилиш салоҳиятини» оширишга интилмоқда. Шимолий Корея янги ракеталар учун «юқори қувватли» двигателларни синовдан ўтказганини маълум қилди.
Шимолий Корея янги ўрта масофали баллистик ракеталар учун қаттиқ ёнилғида ишлайдиган двигателларини муваффақиятли синовдан ўтказганини маълум қилди. Бу ҳақда КХДР давлат ахборот агентлиги 15 ноябр, чоршанба куни хабар бериб, янги ракета «катта стратегик аҳамиятга эга» эканини таъкидлади. AP’нинг қайд этишича, бу ишланма Пхенянга «ядро арсеналини АҚШнинг Гуам ва Япониядаги ҳарбий базаларига зарба бера оладиган кучлироқ ва аниқлаш қийин бўлган қуроллар билан тўлдиришга» имкон беради.
КХДР давлат ахборот агентлиги маълумотларига кўра, биринчи босқич двигателининг биринчи ерусти синови 11 ноябрда, иккинчи босқичи эса 14 ноябрда бўлиб ўтган. Пхенян таъкидлашича, синовда «жуда қониқарли натижа»га эришилган ва бу янги ракета «ишлаб чиқилишини ишончли тезлаштириш учун кучли кафолат» берган.
Синовлар Шимолий Кореянинг қурол ишлаб чиқаришдаги навбатдаги қадамини англатади. Баъзи таҳлилчиларга кўра, бу Россия билан ҳарбий ҳамкорлик орқали кучайган бўлиши мумкин, деб таъкидлади AP. Синовлар сериясининг охиргиси 14 ноябр, сешанба куни Россия табиий ресурслар ва атроф-муҳит вазири Александр Козлов савдо ва технологик ютуқлар алмашинуви бўйича музокаралар олиб бориш учун Шимолий Кореяга келганида ўтказилди.
Япония вазирлар маҳкамаси бош котиби Хирокадзу Мацуно Шимолий Кореянинг қаттиқ ёнилғида ишловчи ракета двигателлари синовларини шарҳлар экан, КХДР шу йўл билан ўзининг «кутилмаганда ҳужум қилиш салоҳиятини» оширишга интилаётганини айтди. «Биз Шимолий Корея кейинги провокацион ҳаракатлар, жумладан ракета учириш ва ядровий синовларни амалга ошириши мумкинлигига ишонамиз. Япония ҳукумати таҳлил ва разведка маълумотларини тўплаш бўйича қўлидан келганини қиляпти», — деди у матбуот анжуманида.
Мавзуга оид
20:40 / 20.12.2024
Шимолий Корея ҳакерлари жорий йилда 1,3 млрд долларлик криптовалюта ўғирлади
17:33 / 02.12.2024
Хитой янги космодромдан янги ракета учирди: миссия қандай ўтди?
23:50 / 29.11.2024
Россия «Толибон»ни террористик ташкилотлар рўйхатидан чиқармоқчи. Шойгу Кобулга борди
22:52 / 25.11.2024