Ўзбекистон | 11:45 / 19.11.2023
26502
9 дақиқада ўқилади

“Онлайн қопқон” — оммалашган виртуал фирибгарлик турлари ва улардан қандай ҳимояланиш керак?

Ҳозир қорнингиз очса, исталган таом ёки қайсидир кийим ёқиб қолса, уйдан чиқмаган ҳолда уни онлайн тарзда буюртма қилиш мумкин. Онлайн хизматларнинг ривожланиши инсонларга шу каби қатор енгилликларни беряпти, бироқ бу билан бирга “виртуал фирибгарлик” ҳам авж олишда давом этмоқда. Фирибгарлар энди ўз ўлжаларини онлайн тарзда овлаяпти.

Кўп ҳолларда фуқаролар онлайн тўловлардан фойдаланиш қоидаларидан бехабарлиги, ижтимоий тармоқларда ботлар ва каналлардан фойдаланишда виртуал билимларнинг етарли эмаслиги сабаб фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолади. Ноқулай вазиятларга тушиб қолмаслик, ёлғон қурбонига айланмаслик, пуллардан айрилиб қолмаслик учун одамдан бироз диққат, озроқ қунт талаб этилади. Kun.uz онлайн фирибгарликнинг энг оммалашган кўринишлари ва улардан қандай сақланиш мумкинлиги ҳақида маълумотларни жамлади. 

 “Фишинг” усули

Фишинг схемаси оддий – қаллоблар таниқли брендлар, банклар ва етказиб бериш компаниялари номидан фирибгар сайтига ҳаволани тарқатишни ташкил қилишади.

Фирибгарлар ўзларини банк ходими, Click, Payme каби тўлов тизимларидан эканини айтиб, “Пластик картангизга киберҳужум бўляпти” ёки тизимда қандайдир хатолик юз бергани, тизим янгилангани учун унга рақамни қайта улаб қўйиш кераклигини сабаб қилиб кўрсатади.

“Ҳозир сизга махфий код юборилади, уни зудлик билан айтишингиз керак”, дейди. Агар рақамни улаш учун кодни беришмаса, фойдаланувчилар тармоқдан узиб қўйилишлари, пул ўтказиш-ечиш амалиётларини бажара олмасдан блокланиб қолишларини ёки бўлмаса, картасидаги пулларидан айрилиб қолишини айтиб, босим ўтказишади. Шунингдек, фойдаланувчидан шахсий маълумотлари: карта рақам, логин ва пароллар ҳам сўралиши мумкин. Содда инсонлар эса ваҳима ва қўрқув остида бундай алдовларга ишониб, дарҳол телефонига келган СМС-кодни айтади ва картасидаги бор маблағдан айрилади. 

Қандай ҳимояланиш керак?

Сайт номига эътибор беринг. Манзил сатрида ҳақиқий сайт https билан бошланади, сохта сайт http билан бошланади ёки сайт номи ўзгартирилган бўлади. Масалан, https://www.korzinka.uz эмас, http://www.korzinka.official.u.... (http://www.korzinka-online.uz ва ҳоказо).

Сохта хабарлар

ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази

“Пул ютиб олишингиз мумкин”, “Совға ютиб олдингиз”, “Сизга қанчадир маблағ мерос қолди” ёки “Сизга бирорта фонд томонидан пул ажратилди, уни ушбу ҳавола орқали олишингиз мумкин” каби хабарлар орқали инсонларни ишонтириб, шахсий маълумотларини билиб олиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилади. Ҳозирги кунда улардан энг оммалашгани бу — мерос ҳақидаги ваъда.

Сизга ҳам электрон почта ёки мессенжерлар орқали қайсидир хорижлик узоқ қариндошингиз ёки фамилиянгиз ўхшаш инсондан тасодиф туфайли сизга катта мерос қолдиргани ҳақида хабар келгандир.

Ушбу меросни қўлга киритишдаги дастлабки харажатлар сизнинг бўйнингизда бўлади. Пул ютиб олганига ёки кутилмаганда “меросхўр” бўлиб қолганига ишонган содда одамлар эса ҳавола орқали махфий маълумотларини: карта рақам, логин ва паролларини киритиб, ушбу маблағни тўлаб юборишади. Натижада “меросхўр” ёки “совриндор” эмас, балки жонли хўракка айланишади.

Банклар номидан сохта ютуқлар 

Фирибгарлар сохта аккаунт, сохта сайтлар орқали фойдаланувчиларга ёзишади, турли рекламалар орқали уларни жалб қилишади. Банклар томонидан пул ажратилгани ёки ютуқли ўйинда ғолиб бўлганликни тасдиқловчи хабарларни жўнатиб, ҳавола орқали уни олиш мумкинлигини таъкидлашади.

ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази

Бироқ бу каби хабарларга ишонишдан олдин фойдаланувчининг аккаунтини кўздан кечириш ва сайт номи ҳамда доменига эътибор бериш керак. Ўзбекистон ҳудудидаги барча тўлов тизимлари, банклар ҳамда расмий сайтлар фақат “.уз» домени билан тугайдиган манзилдан фойдаланади. Хабар жўнатган аккаунтда эса асосан битта расм бўлади ва телефон рақами кўрсатилмайди.

Олди-сотди сайтлардаги фирибгарликлар

Фирибгарлар олди-сотди сайтларида сотувга қўйилган нарсаларга харидор сифатида ўзини таништиради. Фақат узоқда, бошқа бир вилоятда яшашини айтиб, товарни почта орқали бериб юборишингизни илтимос қилади. Сўнг турли банкларнинг сохта сайтини яратиб, (масалан, «анорбанк.уз» эмас, «анорбанк.уз-дерарт.cом) “мана шу сайтга карта маълумотларингизни киритиб, пулни қабул қилиб олинг”, дейди. Сиз эса ҳақиқийдек кўринган сайтга ўйлаб ўтирмасдан маълумотларингизни киритасиз, қарабсизки, картадаги барча пулларингиз ечиб олинади. 

Бунинг тескариси ҳам бўлиши мумкин. Яъни фирибгарлар харидор эмас, сотувчи ролида ҳам кўпчиликни чув туширади: Айтайлик, 6 миллион сўмлик ноутбукни ярим нархига баҳолаб, сайтга эълон беради. Сотиб олмоқчи бўлганларни товар ҳолати ижобийлигига ишонтиргандан сўнг, ҳаммаси фирибгар режаси асосида давом этади. Ким ҳам катта чегирмада харид қилишни хоҳламайди дейсиз? Харидорлар “Илтимос, ҳеч кимга сотиб юборманг, мен оламан”, дейишни бошлайди ва фирибгар уларнинг ҳар бирига “Харидорлар жуда кўп, хоҳласангиз пулнинг ярмини ҳозироқ ташлаб беринг, мен бошқага сотмай тураман”, деб мўмайгина маблағ йиғиб олади ва “ғойиб бўлади”.

Пул ўтказиш учун баъзида банк карта рақами, эгасининг Ф.И.Ш, СТИР керак бўлади. Аммо CVV-код, ПИН-код ва СМС-хабарлар орқали келган бир марталик тасдиқлаш кодлари ҳеч қачон талаб қилинмайди. Агар сотувчига ишонмасангиз, олдиндан тўловни амалга оширманг.

Сармоя, хайрия таклифи

Фирибгарлар, шунингдек, ўзларини трейдинг ёки қандайдир қурилиш компанияси вакили сифатида таништириб, “Сиз бизга маълум миқдорда сармоя киритиш эвазига кўп пул ишлаб олишингиз мумкин”, деб ҳам одамларни алдайди. Ачинарлиси, орамизда мана шундай оддий ёлғонларга ишониб қолаётганлар ҳам йўқ эмас.

Фото: ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази

Виртуал фирибгарлар инсонларни чув туширишда машҳур қиёфалардан ҳам фойдаланишмоқда. Ҳозирги пайтда Алишер Усмонов, Равшан Эрматов, Зафар Ҳошимовнинг қиёфаларидан фойдаланиш орқали одамларнинг ишончига кириш фирибгарларнинг “тренд”даги усули бўлиб турибди. 

Фирибгарлар машҳурларнинг видеотасвирига сунъий интеллектга асосланган дастур ёрдамида қайта ишлов бериб, аудиоёзувларни сохталаштириш йўли орқали буни амалга оширяпти. Натижада содда инсонлар сохта “машҳур”ларга ишониб, катта миқдордаги пул маблағларини виртуал фирибгарлар қўлига бериб қўймоқда.

Тармоқлар ҳамда мессенжерлар орқали давлат раҳбари номидан аҳолига, ёшларга, оилаларга пул ажратилаётгани, шунингдек, фоизсиз кредитлар берилиши ҳақидаги хабарлар жўнатиш ҳолатлари ҳам кўп кузатилмоқда. 

Фото: ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази

Бу мазмундаги хабарларга ишонишдан олдин сайтнинг номига, доменига эътибор бериш керак. Масалан, “Ҳар бир болали оилага 850 минг сўмдан тўлов” ҳақидаги хабарни олайлик.

Фото: ИИВ ТҚД Киберхавфсизлик маркази

Ёрдам пулини helpchildren.coqsecu.com сайтидан олиш мумкинлиги таъкидланган. Бу каби мазмундаги хабарларнинг ёлғонлигини домен манзилидаги чалкашлик, ноаниқлик ва имловий хатолардан ҳам аниқлаш мумкин: фирибгарлар асосан оддий, грамматик хатолар билан ёзади ёки сўзлар бир-бирига тўғри уланмаган бўлади. Бу эса бошқа тилдан ўзбек тилига таржима асосида ёзилганини исботлаши мумкин. Афсуски, буларнинг ёлғон эканини билганлар ҳам бор, билмаганлар ҳам.

Буларни ўқиб, “Менда ҳам худди шундай вазият бўлган”, деяётган бўлсангиз, ажабмас, чунки виртуал фирибгарлар тузоғига илинганлар сони кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Маълумотларга кўра, ҳар секундда дунё бўйича 5-7 нафар фуқаролар тўлов карталари воситасида виртуал фирибгарлик жабрланувчисига айланаркан.

Онлайн фирибгарлик учун қонунчиликда қандай жавобгарлик мавжуд?

Жиноят кодексининг 168-моддасида фирибгарлик ва унинг турлари учун жавобгарлик ва жазо белгиланган. Унга кўра, фирибгарликни ахборот тизимидан, шу жумладан ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этганлик учун – базавий ҳисоблаш миқдорининг 300 бараваридан 400 бараваригача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 5 йилдан 8 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

Бахтиёр Тўхтаев, Kun.uz

Мавзуга оид