Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Финландия Адлия вазирлиги Россия билан чегарани бутунлай ёпишга рухсат бермади
Финландия адлия вице-канцлери бошпана изловчилар ҳуқуқларини ҳурмат қилиш зарурлигини айтиб, шарқий чегарани бутунлай ёпиш ҳақидаги қонун лойиҳасини рад этди, деб хабар берди Yle телеканали.
Финландия адлия канцлери ўринбосари Микко Пуумалайнен мамлакат Ички ишлар вазирлиги томонидан Россия билан чегарани тўлиқ ёпиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини рад этди, деб хабар берди Финляндиянинг Yle жамоат телеканали 21 ноябр, сешанба куни. Унинг сўзларига кўра, Пуумалайнен қонун лойиҳаси чегарада бошпана сўраб мурожаат қилиш учун етарли имконият бермаслиги билан ўз қарорини оқлаган.
Финландия Адлия вазирлиги Финландиянинг халқаро шартномалар, шу жумладан 1951 йилдаги Қочқинлар мақоми тўғрисидаги Женева конвенцияси бўйича тегишли мажбуриятларини таъкидлади. Россия ва Финландия ўртасидаги барча чегара ўтиш пунктлари ёпилиши халқаро ҳимоя учун ариза бериш имкониятини сезиларли даражада чеклайди, дея таъкидланади. Yle тахминига кўра, Ички ишлар вазирлиги ҳужжатга қонун талабларига мос келиши учун зарур ўзгартиришлар киритади.
Бир кун аввал Финландия бош вазири Петтери Орпо Россия билан чегарани ёпиш имконияти ўрганиб чиқилаётганини маълум қилган эди. Ўз навбатида, Финландия оммавий ахборот воситалари расмийларнинг 22 ноябрга ўтар кечаси шарқий чегарадаги барча назорат-ўтказиш пунктларини ёпиш режалари ҳақида ёзган. Шу билан бирга, ўтган ҳафтада биринчи бешта чегара ўтиш пункти ишлашдан тўхтади: тўққизтадан тўрттаси («Иматра», «Ниирала», «Нуйямаа» ва «Ваалимаа») - 18 ноябрга ўтар кечаси, бешинчи назорат пункти - «Вартиус» - 19 ноябрдан. Бундан олдин Финландия ҳукумати «Вартиус»даги чегарачиларга ёрдам бериш учун қуролли кучларни юборган.
Финландия ва Россия чегарасидаги инқироз
Финландия расмийлари Россия билан чегарани ёпиш қарорини учинчи давлатлардан Россия ҳудуди орқали келаётган ноқонуний муҳожирлар оқимининг кескин ошгани билан оқламоқда. Ҳелсинки Россия томонини оқимни уюштирганликда айблаб, бу 2015 йилда ҳам содир бўлганига ишора қилди. Финландия президенти Саули Ниинистёнинг сўзларига кўра, мамлакат «Россиядан келадиган бундай ёмон нарсаларга» тайёр эди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги барча айбловларни рад этди.
Yle маълумотларига кўра, «Вартиус» чегара ўтиш жойида Финландияга келган баъзи бошпана изловчилар ўз хоҳишига қарши Россиядан «чегаранинг нариги томонига сурилган». Чегарани кесиб ўтганлар Россияни тарк этишдан бош тортган, бироқ чегарачилар уларни «Россия чегара постидан Финландия томон итариб юборган», кейин эса уларнинг ортидан дарвозани ёпган, шу сабабли Россия ҳудудига қайтиш имконсиз бўлиб қолган, деди «Вартиус» чегара пости бошлиғи Йоуко Киннунен. Унинг сўзларига кўра, мигрантлар 20 кишидан иборат кичик гуруҳларда олиб келинган.
Сўнгги кунларда Ироқ, Сурия, Яман ва бошқа Яқин Шарқ давлатларининг юзлаб фуқаролари Финландияга бориш учун Россия чегарасини кесиб ўтди, деб ёзади YLE News. Август ойидан бери бошпана учун ариза берувчилар сони ортиб бормоқда, бироқ уларнинг аксариятида Финландияга кириш учун керакли ҳужжатлар йўқ. Финляндия чегара қўриқлаш хизмати раҳбари ўринбосари Маркку Ҳассиненнинг айтишича, расмийлар буни «аниқ ташкил этилган» деб ҳисоблайди, чунки «у ўз-ўзидан пайдо бўлиши мумкин эмас». «Бу миллий хавфсизликка жиддий таҳдид бўлиб, шарқий чегара ҳудудидаги ҳукуматлар фаолиятига оғир юк бўлиб тушмоқда», деди Ҳассинен.