Жаҳон | 08:39 / 23.11.2023
5665
2 дақиқада ўқилади

Нидерландияда курд қочқинлари оиласидан бўлган сиёсатчи мамлакат тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлиши мумкин 

Нидерландияда навбатдан ташқари парламент сайловлари бўлиб ўтди. Сиёсий коалиция тузилса, курд қочқинлар оиласидан бўлган Дилан Йешилгёз-Зегериус мамлакат тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлиши мумкин.

Дилан Йешилгёз-Зегериус Фото: Wikimedia

Нидерландияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловларида, дастлабки маълумотларга кўра, ўнг популистлар ишонч билан ғалаба қозонмоқда. Ўта ўнг сиёсатчи Герт Вилдерснинг «Озодлик партияси» (PVV) энг кўп овоз тўплади, деб хабар берди ANP 23 ноябр, пайшанба куни эрталаб сайлов бюллетенларини қайта ишлаш натижаларига таяниб. 

Бу маълумотларга кўра, ўнг популистлар парламентдаги 150 ўриндан 36 тасини, лейбористлар блоки ва Франс Тиммерманснинг «яшил» сўллари эса 25 ўринни олади. Учинчи ўринда Нидерландия бош вазири вазифасини бажарувчи Марк Рюттенинг ўнг марказчи «Озодлик ва демократия учун халқ партияси» (VVD) бўлиб, у парламентда 24 ўринга эга. Ахборот агентликларининг таъкидлашича, мамлакат янги ҳукуматини шакллантириш узоқ давом этадиган жараён бўлади. 

Вилдерс ўнг марказчилар билан коалицияга эришмоқчи 

Овоз бериш бошланишидан олдин «Озодлик партияси» раҳбари Вилдерс ўнг марказчи VVD билан коалиция музокараларига тайёр эканини айтди. Ўз навбатида, VVD янги раҳбари, курд қочқинлар оиласидан бўлган Дилан Йешилгёз-Зегериус мамлакат тарихидаги биринчи аёл бош вазир бўлиши мумкин. 13 миллиондан ортиқ сайловчи овоз бериш ҳуқуқига эга эди. 

Нидерландияда жорий сайловлар контекстидаги асосий мавзулар - иқлим ўзгариши, иммиграция ва яшаш нархи. «Озодлик партияси» ҳам, «Озодлик ва демократия учун халқ партияси» ҳам бир вақтнинг ўзида миграция сиёсатини кучайтириш ҳақида гапиряпти. 

2023 йил июл ойида Нидерландия бош вазири Марк Рютте вазирлар маҳкамаси истеъфога чиқишини эълон қилди, бу эса муддатидан олдин сайловлар ўтказилишига сабаб бўлди. Истеъфога Рюттенинг мамлакат миграция сиёсатини қатъийлаштириш таклифи сабаб бўлди, уни Нидерландия ҳукумати коалициясида иштирок этаётган тўртта партиядан иккитаси қўллаб-қувватламади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид