Ўзбекистон | 09:31 / 23.11.2023
5644
1 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистон сессияни энг юқори савияда ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади» - Президент ЮНЕСКО қарори ҳақида

Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО Бош ассамблеяси сессияси Самарқандда ўтказилишига муносабат билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

“Кўпмиллатли Ўзбекистон халқи номидан ва шахсан ўз номимдан барча хорижий дўстларимиз ва шерикларимизга ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясини 2025 йилда қадим Самарқандда ўтказиш тўғрисидаги тарихий қарорни қўллаб-қувватлагани учун самимий миннатдорлик билдираман”, дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати томонидан эълон қилинган муносабат матнида

Қайд этилишича, минтақада биринчи марта ўтадиган ушбу муҳим глобал миқёсдаги тадбир халқаро ҳамжамиятга Ўзбекистон ва Марказий Осиё давлатларининг улкан цивилизацион салоҳиятини яна бир бор намойиш этишга хизмат қилади.

“Ўз навбатида, Ўзбекистон бўлажак сессияни энг юқори савияда ташкил этиш ва ўтказиш учун барча кучини сафарбар этади”, дейди президент. 

Маълумот учун, Парижда бўлиб ўтаётган ЮНЕСКО Бош ассамблеясида навбатдаги 43-сессияни 2025 йилда Самарқандда ўтказиш расман маъқулланди.

Бош ассамблеянинг сессияси охирги марта Париждан ташқарида 1985 йилда (София шаҳри, Болгария) бўлиб ўтган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид