Сурхондарё вилоятида жаҳон андозаларига мос чарм-пойабзал кластери ишга тушди
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг Сурхондарё вилоятига амалга оширган ташрифи чоғида вилоятнинг Ангор туманида бунёд этилган, замонавий технологиялар ва сифат назорати асосида фаолият юритадиган “Top Quality Brand” МЧЖ корхонаси фойдаланишга топширилди. Тўрт гектар ер майдонида қад ростлаган ушбу кластерда Сурхондарё, Қашқадарё, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида ҳосил бўлаётган ва заруратга кўра Афғонистон, Тожикистон ва Туркманистондан олиб келинаётган тери хомашёси чуқур қайта ишланиб, ундан рақобатбардош, экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарилади. Кластерни амалга ошириш учун 23,2 млн АҚШ доллари миқдорида сармоя йўналтирилди.
Лойиҳа икки босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда жорий йилнинг ўзида 120 млн кв.дм тери чуқур қайта ишланиб, ундан тайёр чарм олиш ишлари амалга оширилади. Натижада дастлабки босқичнинг ўзида 450 та иш ўрни яратилди. 2024 йилдан иккинчи босқичга ўтилиши билан тўлиқ фаолият амалга оширилиши бошланади. Унда йилига 450 минг жуфт ҳар хил турдаги эркаклар, болалар ва спорт пойабзаллари, 250 минг дона чарм-атторлик маҳсулотлари, 5 минг тонна желатин ва коллаген ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Қўшимча 860 та янги иш ўринлари яратилади.
“Top Quality Brand” МЧЖ кластери тўлиқ Италия ва Туркия технологияси билан жиҳозланган. Хусусан, Италиянинг дунёга машҳур “Pajusco Tecnologie S.R.l”, “Mec Man S.R.L”, “Alpe Spak SRL”, “Escomar Italia S.R.l.”, “Bergi S.P.A.”, “Bauce Tri.Ma S.R.L”, “Officine Meccaniche Alpe SPA”, Туркиянинг “Ekspres Deri Mak. Kimya San.ve Tic.Ltd.”, “C M Tannery Machines Tic.Ltd.”, “Barnini Tic.Ltd.” компанияларининг ускуналари олиб келиб ўрнатилди. Ушбу ускуналар юқори сифатли ва халқаро талабларни қаноатлантирувчи тайёр чарм, пойабзал, чарм-атторлик буюмлари, желатин, каллоген ишлаб чиқаришга хизмат қилади.
Ишлаб чиқариш қуввати тўлиқ ишга туширилиши билан экспорт ҳажми 45 млн долларни ташкил этади. Кластерда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар Озарбойжон, Туркия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Португалия, Германия, Доғистоннинг бенд компанияларига етказиб берилиши йўлга қўйилади. Қайд этиш керакки, кластернинг ўзида 20 ўринли “dual” таълим ўқув маркази ҳам иш бошлади. Тингловчилар бу ерда Италия ва Туркия давлатларидан таклиф қилинган тажрибали технолог, маркетолог ва дизайнерлар томонидан корхонада таълим ва амалиёт жараёнлари ўзаро боғланган ҳолда таҳсил оладилар.
Корхона сертификатлаш бўйича халқаро ташкилот бўлмиш “Leather Working Group” (“LWG” – “Чарм ишчи гуруҳи”) томонидан тақдим этилган, атроф-муҳит ва инсониятга зарарсиз ишлаб чиқариш, яхшиланган ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш ҳолатини ифодаловчи, “олтин” тоифасидаги халқаро сертификатга эга. Бу корхонага ўз маҳсулотларини Европа бозорига тўғридан тўғри экспорт қилиш ва хорижий бренд занжирларига қўшилиш имконини яратади.
Бу борада кластерда ҳозирданоқ дастлабки натижалар мавжудлигини таъкидлаб ўтиш мумкин. Жумладан, Германиянинг “Berkemann” ва Италиянинг “Aldo Brue” компаниялари билан бренд маҳсулотларини “аутсорсинг” ва “франчайзинг” асосида ишлаб чиқариш бўйича музокара ўтказиб, келишувларга эришилди.
Кластер ишида яна бир муҳим қадамни алоҳида қайд этиб ўтиш мумкин: бу ерда “Daewoo”, “Mercedes-Benz”, “Audi”, “Toyota” каби компаниялар автомобилларининг ўриндиқлари учун тайёр чарм етказиб бериш ҳам режа қилинган.
Муҳими, мақсад аниқ, пухта режа ишлаб чиқилди. Эндиги қадам Сурхондарёда шу вақтга қадар чарм саноати соҳасида ишга солинмаган имкониятлардан фойдаланиб, мамлакат иқтисодиётига манфаат келтириш ва аҳолининг даромадли иш билан бандлигига кўмаклашиш экани ушбу лойиҳанинг аҳамиятини ифодалашини таъкидлаб ўтиш мумкин.
Мавзуга оид
20:01 / 01.11.2024
Ўзбекистон Қаҳрамони Аҳмад Нарзуллаев вафот этди
10:02 / 19.10.2024
Сурхондарёда аҳолига тарқатилиши керак бўлган 1 400 тонна кўмир талон-торож қилинди
07:40 / 18.10.2024
Сурхондарёда газ қувурига автомобил урилиши оқибатида газ таъминотида узилиш юз берди
07:30 / 17.10.2024