ЕИ Киевга 1,5 млрд евро миқдоридаги янги ёрдам траншини ўтказди
2023 йилда Европа Иттифоқининг Украинага макромолиявий ёрдами умумий ҳажми 16,5 миллиард еврогача ошди. Маблағлар давлат ишини молиялаштиришга йўналтирилади.
Европа Иттифоқи Украинага 1,5 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдамнинг янги траншини ўтказди, деди Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен. «Европа Россия ҳарбий ҳаракатлари бошиданоқ Украинада иқтисодий барқарорлик ва давлат хизматларини кўрсатишни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаб келяпти. Бугун биз яна 1,5 миллиард евро тақдим этмоқдамиз», деб ёзди фон дер Ляйен 22 ноябр, чоршанба куни X ижтимоий тармоғида.
Унинг таъкидлашича, Россиянинг кенг миқёсли ҳарбий ҳаркатларидан ўзини ҳимоя қилаётган Украинага ЕИ ёрдами умумий миқдори аллақачон 85 миллиард еврога етган. Бу якуний рақам эмас, чунки Еврокомиссия Украинага 2027 йилгача яна 50 миллиард евро ажратишни таклиф қилган, дея қўшимча қилди у.
ЕИ йил охиригача яна 1,5 млрд евро ўтказади
Украина Молия вазирлиги Европа Иттифоқидан янги транш олинганини тасдиқлади. Жорий йил бошидан бери Брюсселнинг бюджетни қўллаб-қувватлаши шу тариқа 16,5 миллиард еврогача кўтарилди. Идоранинг таъкидлашича, 1,5 миллиард евро миқдоридаги якуний транш декабр ойи охиригача кутилмоқда - Киев ЕИ билан келишилган тузилмавий сиёсат шартларини бажариши керак.
«Европа Иттифоқи Украина учун молиявий ёрдамнинг асосий донорларидан бири ҳисобланади. Тўлиқ миқёсли уруш бошланганидан бери бюджетни қўллаб-қувватлашнинг умумий миқдори 23,7 миллиард еврони ташкил этди. Макромолиявий ёрдам давлатнинг устувор харажатларини молиялаштиришга қаратилган. Бу ҳарбий ҳолатнинг нотинч шароитида макроиқтисодий барқарорликни сақлаш имконини беради», - деди Украина молия вазири Сергей Марченко.
Европа макромолиявий ёрдами Украина ҳукумати 35 йилга оладиган кредитларни ифодалайди. Шу билан бирга, қарз бўйича фоизлар ва бошқа тўловлар Украина ўрнига Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан тўланади.
Мавзуга оид
11:37 / 15.11.2024
ЕИ биринчи марта қуролни биргаликда сотиб олишни молиялаштиради
08:08 / 14.11.2024
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
12:17 / 13.11.2024
Киев ЕПни Россиядан болаларни қайтаришда ёрдам беришга чақирди
10:13 / 11.11.2024