Ўзбекистон | 07:33 / 24.11.2023
7126
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ерусти метроси остида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш бинолари қурилади

Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорларни ерусти метро линиялари остидаги ҳудудлардан фойдаланиш бўйича ҳамкорликка чақирди.

Ерусти метро линиялари остидаги фойдаланилмаётган ерларнинг умумий майдони 100 минг квадрат метрни ташкил этиб, унинг камида 50 фоизи тадбиркорлар учун қўшимча даромад нуқтасига айланиши ва шу орқали аҳоли фаровонлиги, ҳудудлардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Ушбу биноларни сотиб олиш ёки ижараси нархи турар жой мажмуаларининг биринчи қаватларидаги нотурар жой объектларига нисбатан анча ҳамёнбоп. Илгари бу жойларда болалар ўйин майдончалари, сайр қилиш учун ҳудудлар яратилган бўлиб, улар болалар, уларнинг оналари ва бувиларининг севимли масканига айланган. Қиш фасли яқинлашаётгани муносабати билан кейинчалик уларда жойлашган дўконлар, қаҳвахоналар ва ўйин майдончаларига туташ ҳудудлар аҳолиси учун яна бир қулай масканга айланиши кутилмоқда.

Синов тариқасида ўтган йилнинг ўрталарида 2-метро бекати яқинида тижорат бинолари очилган. Лойиҳа муваффақиятли амалга оширилгач, уни 3- ва 4-станциялар оралиғида — аҳоли зичроқ жойлашган ҳудудларда амалга оширишга қарор қилинди.

Кейинчалик, биринчи босқичда Роҳат айланма йўлигача, иккинчи босқичда эса Роҳат айланма йўлидан Қўйлиқ бозоригача бўлган объектлар ташкил этиш режалаштирилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид