Жаҳон | 14:07 / 24.11.2023
6685
4 дақиқада ўқилади

ЦАҲАЛ Аш-Шифо касалхонаси директорини қўлга олди

Исроил Аш-Шифо касалхонаси директорини ҲАМАС жангчилари билан ҳамкорликда айбламоқда.

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ ) Ғазо секторидаги энг йирик Аш-Шифо касалхонаси директори Муҳаммад Абу Салмий ва унинг бир неча ходимларини ҲАМАС жангчилари билан ҳамкорликда гумон қилиб қўлга олди, деб хабар берди Jerusalem Post газетаси пайшанба, 23 ноябр куни.

Абу Салмий Исроилнинг умумий хавфсизлик хизмати (Шин Бет) томонидан қўлга олинган ва у бошқарган касалхонадан гўёки ҲАМАС қўмондонлик маркази сифатида фойдаланилгани ҳақидаги турли кўрсатмалар ва видеолардан сўнг сўроққа олиб кетилган.

«ҲАМАС гуруҳи шифохона остида қурган туннелларини мустаҳкамлаш учун кўплаб ресурслардан, жумладан, электр энергиясидан фойдаланган. Бундан ташқари, ҲАМАС ҳарбий буюмларни касалхонада ва унинг яқинида сақлаган», — дея маълум қилди ЦАҲАЛ. Исроилга кўра, 7 октябр куни ҲАМАС ҳужумидан сўнг гуруҳ «касалхонадан ўз кучлари учун хавфсиз бошпана сифатида фойдаланган ва ҳатто ўғирлаб кетилган исроиллик гаровга олинганларни ҳам у ерга олиб келган».

ҲАМАС ЖССТ ва Қизил Хоч билан алоқага чиқди

Касалхона директорининг ҳибсда қолиши ҳақидаги қарор «директорнинг террорчилик фаолиятига алоқадорлигини текшириш ва ўрганиш натижаларига кўра» қабул қилинади, деб хабар берди ЦАҲАЛ ва Шин Бет.

ҲАМАС Абу Салмийнинг қўлга олинишини қоралаб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва Халқаро Қизил Хоч қўмитасини (ХҚХҚ) унинг озод этилишини талаб қилишга чақирди.

ҲАМАСнинг Аш-Шифо касалхонасидан фойдаланиши

ЦАҲАЛ бир неча бор Ғазо можароси чоғида ҲАМАСнинг юқори мартабали амалдорлари Аш-Шифо касалхонаси остидаги туннелларга яширинганини, шундан сўнг мажмуанинг ўзи ерости ҳарбий базасига айлантирилганини бир неча бор таъкидлади, деб эслатади The Jerusalem Post.

ҲАМАС ҳужумига жавобан Ғазода қуруқликдаги операцияни бошлагандан сўнг, Исроил ҳарбийлари касалхонага ҳужум қилиб, уни назоратга олди, шифохона остидаги туннеллар ва гўёки шифохонадан ҳарбий мақсадларда фойдаланилганига оид видеоларни эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди. 

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 14 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид