Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Исроил Эронга қарши “кенг кўламли зарбалар тўлқини” ҳақида эълон қилди
Исроил мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) Теҳрондаги инфратузилма объектларига қарши “йирик кўламли зарбалар тўлқини” амалга оширилганини маълум қилди.
Фото: Atta Kenare/AFP/Getty Images
Исроил ҳарбийлари зарбалар бошланганини 3 март, сешанба куни эълон қилган, соат 20:00 да ҳужумлар тўхтагани ЦАҲАЛ матбуот хизмати Telegram-каналидаги хабарларда айтилди.
Армия вакиллари маълум қилишича, Теҳрон ва Эрон пойтахтидан 440 км узоқликда жойлашган Исфаҳонга зарбалар “аниқ разведка маълумотлари” ҳисобга олинган ҳолда берилган. Натижада “Эрон режими қурол-яроғ, жумладан баллистик ракеталар ишлаб чиқаришда фойдаланадиган саноат объектлари” нишонга олинган. Теҳроннинг шарқий ва жануби-шарқий қисмларида портлашлар бўлгани ҳақида AFP агентлиги ҳам хабар бермоқда.
Айтилишича, фақат Исфаҳоннинг ўзида ЦАҲАЛ “ўнлаб нишонлар”га, жумладан ракеталарни учириш қурилмалари ва омборларга зарба берган. Уларнинг бири, ЦАҲАЛ таъкидлашича, Исроил назоратидаги Жўлан тепаликлари томон йўналтирилган бўлган.
Эроннинг Tasnim ва Mehr агентликлари маълумотига кўра, АҚШ ва Исроил авиазарбаларидан бирининг нишонларидан бири Қум шаҳрида (Теҳрондан тахминан 125 км) жойлашган Экспертлар кенгаши биноси бўлган. Бу — мамлакатнинг олий раҳбарини сайлайдиган давлат органи. Янги сайлов зарурати Эронни 1989 йилдан бери бошқариб келган Али Хоминаий ҳалок бўлганидан кейин пайдо бўлган, у 2026 йил 28 февралдаги Америка-Исроил зарбалари пайтида ўлдирилгани айтилган.
Қайд этилишича, 3 мартдаги зарба маҳаллий вақт билан соат 16:40 (Тошкент вақти билан 18:10)да амалга оширилган. Tasnim маълумотига кўра, ҳужум пайтида бинода ҳеч ким бўлмаган. Mehr эса бу бино умуман йиғилишлар учун ишлатилмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, Tasnim'нинг ёзишича, ўққа тутиш пайтида турар жой уйлари ва дўконлар ҳам зарба остида қолган, натижада бир неча тинч аҳоли вакиллари жабрланган.
Ислом ҳуқуқи бўйича мутахассис деб ҳисобланадиган 88 кишидан иборат Экспертлар кенгаши Эрон фуқаролари томонидан ҳар саккиз йилда бир марта сайланади. Охирги сайловлар 2024 йилда ўтган. Ушбу давлат органи мамлакатнинг олий раҳбарини тайинлайди, бу лавозим умрбод ҳисобланади. 1989 йилдан бери Эронни бошқариб келган Али Хоминаий ҳалок бўлганидан кейин, янги раҳбар энг яқин муддатларда сайланиши керак эди.
Ворис тайинлангунга қадар Эронни уч кишидан иборат ўтиш даври кенгаши бошқаряпти: президент Масъуд Пезешкиён, Экспертлар кенгаши аъзоси Алиризо Арофий ва суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Муҳсиний.
Мавзуга оид
10:23
Ўзбекистон ва Эрон ТИВ раҳбарлари телефон орқали вазиятни муҳокама қилди
09:54
Али Хоминаийнинг ўғли Эронда янги раҳбар этиб сайланди — DW манбалари
09:10
CNN: МРБ Эронда курдлар орқали қўзғолон қўзғатиш режаси устида ишламоқда
09:07