Жаҳон | 12:16 / 28.11.2023
8431
5 дақиқада ўқилади

Сафарбар қилинганларнинг қариндошлари россияликларга мурожаат билан чиқди

«Пут домой» Telegram-каналида эълон қилинган мурожаатда сафарбар этилганларнинг яқинлари фронтга чақирилганларни қайтариш ва хизматда бўлиш муддатини белгилаш тўғрисидаги петицияга имзо чекишга чақирди. 

Фото: AP Photo/picture alliance/dpa

Сафарбар қилинган россияликларнинг қариндошлари ва дўстлари уларни фронтдан қайтаришга уриниб, ёрдам сўраб «Россиянинг кўп миллатли халқига» мурожаат қилди. Мурожаат матни 27 ноябр, душанба куни эрталаб бутун мамлакат бўйлаб сафарбар қилинганларнинг яқинларини бирлаштирган «Пут домой» Telegram-каналида эълон қилинган

«Бу барчага мурожаат, тўғрироғи, ёрдам чақириғи. Бизнинг фожиамиз сизнинг кўз ўнгингизда рўй бермоқда, бунга ёлғиз чидаб бўлмайди! Биз ҳамма эшикларни тақиллатганмиз. Давлатимиз ёрдам чақириғига биринчи бўлиб жавоб берганлардан юз ўгирди. Биринчи навбатда, сафарбар этилганларнинг ўзлари ва яқинларидан», — дейилади мурожаат бошида. Унинг муаллифлари «деярли умид қолмаган» деб ёзган. 

«Ҳеч биримизнинг ишончимиз қолмаган. Кўпчиликнинг келажаги ҳам йўқ. Лекин, маълум бўлишича, биз сайловчилар ёки фуқаро эмасмиз, балки энди умуман одам эмасмиз», дейилади мурожаатда.

Сохта ваъдалар ва сукут сақлашни сотиб олишга уринишлар 

Мурожаатда уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча вилоятларда митинг ташкил этишга уриниш муваффақиятсиз якунланганидан сўнг сафарбар этилганларнинг яқинлари алданганини тан олади. «Бизни алдашди ва сизни ҳам алдашади. Ахир, бу вақт давомида бизга фақат сохта барқарорлик, ишончлилик, хавфсизлик кўрсатилди», - деб ёзади хабар муаллифлари.

Улар Россияда захирадагилар чақирилмаслигига ваъда берилгани, кейин эса «аслида ваъдалар сохта бўлиб чиққанини» эслатди. «Кўпчилик қайтиб келмайди. Сафарбарлик даҳшатли хато бўлиб чиқди. Биз қонунга бўйсунувчи табиатимиз учун жазоландик. Эркакларимиз барқарорлик учун қон билан, биз эса соғлик ва кўз ёшлар билан товон тўлаймиз», - дейилади мурожаатда. Муаллифлар ҳалок бўлганлар ва ярадорлар учун давлат томонидан тақдим этилаётган тўловлар ва имтиёзларни уларнинг «оғзини ёпишга» уриниш деб атади. «Одамнинг ҳаёти нархи ҳақида гап кетганда, мен бундай жирканч таклифни беришга журъат этганлардан нафратланаман», деб таъкидлайди улар. 

«Ҳеч ким ҳимояланмаган» 

Мурожаат муаллифларининг таъкидлашича, «келажакда ҳеч ким ҳимояланмаган». Улар мамлакатдаги вазиятни абсурд деб атади, шу билан бирга «интилишларини эшитишларига» умид билдирди. «2024 йил оила йили деб эълон қилинди. Хотинлар эрсиз йиғлаётгани, болалар отасиз ўсаётгани, кўпчилик етим қолганини ҳисобга олсак, бу тушунарсиз. Қамоқдан сўнг яна жиноят содир этган одамхўр-қотил эса орадан олти ой ўтиб, махсус ҳарбий операцияда қотилликлар учун ўз айбини ювиб озодликка чиқяпти», дейилади мурожаатда.

Якунда сафарбар этилганларнинг яқинлари фронтга чақирилганларни қайтариш ва хизмат муддатини белгилаш тўғрисидаги аризага имзо чекишга чақирди. «Биз қайиқни силкитиб, сиёсий вазиятни беқарорлаштиришдан манфаатдор эмасмиз. Биз - уйга йўлдамиз. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз эркакларимизни қайтаришга қатъий қарор қилдик», дейилади ҳужжатда. 

Сафарбар қилинганларни уйга қайтаришга чақирувчи акциялар

Сўнгги ойларда Россияда сафарбар қилинганларнинг оилалари Украинадаги урушда бир йилдан ортиқ вақт ўтказган эркакларнинг ватанга қайтишини талаб қилиб, тобора кўпроқ акция уюштирмоқда. Улар урушга сафарбар этилганларнинг максимал муддатини бир йил билан чеклашни, барча ярадорларни ортга қайтаришни ва армияга чақириб бўлмайдиган касалликлар рўйхатини кенгайтиришни талаб қилмоқда. 

Маҳаллий ҳокимиятлар COVID-19 пандемияси сабаб фуқароларга Россия бўйлаб митинг ўтказишга рухсат бермаяпти. Кремл талабларга изоҳ бермади. 7 ноябр куни Москвадаги пикетдан сўнг, «ҳарбий мухбир» Александр Сладков раҳбариятнинг «ҳозир ҳамма махсус ҳарбий операция охиригача курашмоқда» деган сўзлари ҳақида ёзди. Сладковнинг сўзларига кўра, «мухбирлар билан сўнгги учрашувда» сафарбар этилганларни ротация қилиш ва фронтдан қайтариш режалари йўқлиги ҳақида гапирилган. 

Мавзуга оид