Жаҳон | 11:40 / 29.11.2023
10226
5 дақиқада ўқилади

«Важные истории»: Россияда аёллар ХҲК ҳужумкор отрядларига ёлланяпти

Украинада жанг қилаётган «Редут» ХҲК аёллар билан шартнома имзолаяпти. Уларга ҳам снайпер, ҳам ҳужумкор жангчи бўлиш таклиф этиляпти.

Фото: Picture Alliance

Россиянинг «Эспанола» ҳарбий тузилмаси аёлларни ҳужумкор жангчилар, снайперлар, шифокорлар, алоқачилар ҳамда УУА ва РЭУ билан боғлиқ бўлинмаларда ҳарбий хизматга шартномалар тузишга таклиф қиляпти, деб ёзади 28 ноябр, сешанба куни «Важные истории» нашри. У ноябр ойи ўрталарида «Эспанола» Telegram-каналида эълон қилинган тузилма аъзоларидан бирининг мукофотланиши ҳақидаги постга эътибор қаратди. Пост матнига кўра, «Гроза» чақирув белгиси бўлган аёл «Эспанола»да «махсус разведка гуруҳи жангчиси» ва Украинадаги жанговар ҳаракатларда, шу жумладан Россия кучларининг Бахмутни қўлга олиш бўйича операцияларида ўт ўчиш жараёнини мувофиқлаштирувчи сифатида қатнашган

«Важные истории» журналисти «Эспанола» Telegram-каналининг маъмурларидан бири билан боғланиб, ёлланишга қизиқаётганини билдирган. «Биринчи шартнома - 6 ой. Улардан 1-2 таси - машғулот ва мувофиқлаштириш. Бу вақт учун - 110-120 минг рубл. Кейинчалик жанговар зонада [операцияларда] бу миқдор х2 [иккига кўпайтирилади]. Иккинчи шартномани ҳам тузиш мумкин - 3 ойдан, алоҳида муҳокама қилинади», - дея маъмурнинг жавобидан иқтибос келтиради нашр.

«Эспанола» вакилининг сўзларига кўра, шартнома тузилмани ўз ичига олган «Редут» хусусий ҳарбий компанияси (ХҲК) билан имзоланади. Telegram-канал маъмури Россия Мудофаа вазирлигининг шартномаларни Украинадаги уруш тугагунига қадар автоматик равишда узайтириш ҳақидаги буйруғи «Эспанола»га тааллуқли эмаслигини маълум қилди. 

«Эспанола» - россиялик футбол фанатлари, шу жумладан ўнг радикал қарашлари бўлганлар томонидан ташкил этилган тузилма. У камида 150 кишини ўз ичига олади. Дастлаб, «Эспанола» ўзини «кўнгиллилар бўлинмаси» сифатида кўрсатди, кейин у бир мунча вақт «ДХР» деб номланган ҳудуд қуролли кучларига қўшилди, шундан сўнг «Редут» ХҲК назоратига ўтди. «Редут», оммавий ахборот воситалари таъкидлашича, Россия Мудофаа вазирлиги ва Украинадаги урушда қатнашган турли хил ҳарбий тузилмалар ўртасидаги муносабатларда ўзига хос «қатлам» бўлиб хизмат қилади.

Аввалроқ «Важные истории» «Редут»га бўйсунувчи яна бир тузилма, яъни «Борз» кўнгиллилар баталони» аёлларни жалб қила бошлагани, унда аёллар снайперлар ва дрон операторлари сифатида иштирок этишга таклиф қилинганини аниқлаганди.

Россияда урушда қатнашиш учун қамоқда бўлган аёллар ҳам ёлланяпти

«Рус сидящая» инсон ҳуқуқлари лойиҳаси асосчиси Олга Романова бир неча бор Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари Украинадаги урушга жўнатиш учун қамоқда бўлган аёлларни ёллаётганини таъкидлаган. Бу ҳақда биринчи хабарлар 2023 йил баҳорида пайдо бўлган - ўша пайтда, Романова ва Украина Қуролли кучлари Бош штаби маълумотларига кўра, Украина собиқ ҳудудларидаги колонияларда ёллаш кузатилган. 

Кейинчалик, қамоқхоналарда аёлларни оммавий ёллаш Россия ҳудудида ҳам амалга оширила бошланди, деб хабар қилган Романова ва бир қатор оммавий ахборот воситалари. Мисол учун, август ойида журналистлар Липецк вилояти Новоуглянка шаҳридаги ИК-7 колониясида ёлланган маҳкумаларнинг қариндошлари билан суҳбатлашган - уларга кўра, аёллар Россия Мудофаа вазирлиги билан икки йиллик шартнома имзолаган. 

Шу билан бирга, Романованинг фикрига кўра, «қамоқхонадаги аёллар ташвиқотга жуда мойил» ва эркакларга қараганда кўпроқ жангга боряпти. 

Россияда маҳкумларни армияга чақиришга расман рухсат берилган

2023 йил июн ойида Россия ҳукумати қамоқхонадаги фуқароларга сафарбарлик, ҳарбий ҳолат ва уруш даврида ҳарбий хизматни ўташ учун шартномалар тузишга рухсат берувчи қонун лойиҳасини қабул қилди. 

Ноябр ойида Россия ҳукумати тергов изоляторлари ва қамоқхоналардаги маҳкумларни «махсус ҳарбий рўйхатга олиш»га қарор қилди. Шу билан бирга, маҳкумлар тиббий кўрикдан ёки психолог текширувидан ўтмайди - маълумотлар уларнинг шахсий иштирокисиз киритилади ва йилига камида бир марта янгиланади. 

Бундай маълумотларни тўплаш мақсадлари ошкор этилмаган. Илгари Россияда маҳбуслар ҳарбий рўйхатга олинмаган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид