Жаҳон | 22:51 / 30.11.2023
17552
3 дақиқада ўқилади

Илон Маск Х платформасида реклама беришдан бош тортган компанияларни лаънатлади 

Рекламачилар миллиардернинг яҳудийлар ҳақидаги баёнотларидан кейин ижтимоий тармоқни бойкот қилмоқдалар.

Фото: AFP

Миллиардер Илон Маск The New York Times нашрига берган интервюсида реклама берувчиларга нисбатан беҳаё сўзларни ишлатди. 

Маск антисемит пости остида қўллаб-қувватловчи сўзларни ёзганидан сўнг, йирик компаниялар унга тегишли бўлган Х ижтимоий тармоғида реклама беришдан бош тортишни бошлаган эди. 

Реклама берувчиларнинг бойкот қилиниши ҳақидаги саволга жавоб берар экан, Х платформасининг эгаси уларнинг ҳаракатларини «шантаж» деб атади ва беҳаё сўзлар билан сўкди. 

«Агар кимдир мени реклама билан шантаж қилмоқчи бўлса, пул билан шантаж қилмоқчи бўлса, ***,***. Тушунарлими? Шундай деб умид қиламан», деди у. 

Шу билан бирга, у Disney компанияси бош директори Роберт Айгерни алоҳида тилга олди. Аввалроқ, у ўз компанияси Маск билан алоқадор бўлишини истамаслигини очиқ эълон қилган эди. «Эй, Боб, агар сиз аудиторияда бўлсангиз (эшитиб қўйинг)», деб қўшимча қилди Маск беҳаё сўзлардан кейин. 

Илон Маск реклама бойкоти X ижтимоий тармоғининг «ўлимига» олиб келишини тан олди. 

«Ер юзидаги ҳамма билиши керак. Биз йўқ бўлиб кетамиз ва бу реклама берувчиларнинг бойкот қилиши туфайли содир бўлади», деди у. 

Аввалроқ, Илон Маск антисемитизмга хос баёнот тарқатган фойдаланувчининг твитини қўллаб-қувватлаган эди. Фойдаланувчилардан бири «яҳудийлар оқ танлиларга нисбатан нафратни тарқатаётгани ва оқ танли аҳолини сиқиб чиқариш учун мамлакатни оқ танли бўлмаганлар билан тўлдиришни истаётганини» ёзди. Маск унга изоҳ бераркан, ўз шарҳида «мутлақ ҳақиқатни айтди» деб ёзди. 

Шундан сўнг, Apple, Disney, Comcast, Lionsgate ва Paramount Global каби йирик компаниялар X платформасида реклама сотиб олишни тўхтатиш ниятини эълон қилишди. 

Қайд қилинишича, биргина Apple компаниясининг рекламадан воз кечиши X учун катта йўқотиш бўлиши мумкин. Чунки технология гиганти Илон Маск ижтимоий тармоғига 2022 йил биринчи чорагида 50 миллион доллар даромад келтирган. 

Кейинчалик, Маск антисемитизмга хос баёнотни қўллаб-қувватлагани учун афсусда эканини бир неча бор таъкидлади. Шу билан бирга, миллиардер антисемитизм айбловларини рад этди. Жанжал фонида Маск 7 октябр куни ҲАМАС аъзолари томонидан ҳужумга учраган Исроилнинг Кфар Аза қишлоғига ҳам борди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид