Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра, дунё аҳолисининг 16 фоизини (1,3 млрд одам) ногиронлиги бор шахслар ташкил қилади. Бу дегани ҳар 6 кишидан бири ногиронлиги бор шахс ҳисобланади.
Жаҳон банки тадқиқотига кўра, Ўзбекистонда 3 ва ундан юқори ёшдаги жами аҳолининг 13,5 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига, 3,5 фоизи эса ногиронликнинг оғир шаклига эга.
Мамлакатда ногиронликнинг тарқалиши ёш билан чамбарчас боғлиқ: 60 ва ундан юқори ёшдагиларнинг 54 фоизи ногиронликнинг маълум бир шаклига эга.
Расман эса бу рақам камроқ. 2022 йилда 845,3 минг киши ёки умумий аҳолининг 2,3 фоизи ногиронлиги бўлган шахслар деб тан олинган.
Ўзбекистонда ногиронлик ва инклюзив ривожланиш масалалари тадқиқотчиси Дилмурод Юсуповнинг тушунтиришича, расмий маълумотнинг бунчалик пастлиги унинг маъмурий статистика экани, яъни фақат расмий рўйхатдан ўтган ногиронлиги бор шахслардан иборатлиги билан боғлиқ. Рўйхатдан ўтиш учун керакли ҳужжатларни тақдим эта олмаганлар расмий статистикага кирмаган. Ёки ота-оналар жамиятдаги гап-сўзлардан қочиб ногиронлиги бор фарзандларини рўйхатдан ўтказмасликлари ҳам кўп учрайди.
Kun.uz бу йилги 3 декабрда Ўзбекистонда ногиронлиги бор шахсларга оид қандай муаммолар долзарб бўлиб тургани ҳақида тадқиқотчи Дилмурод Юсупов билан суҳбатлашди.
“Қабул қилинаётган қарорлар амалда етарлича ишламаяпти”
2021 йил Ўзбекистон БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилди. Охирги йиллар ногиронлиги бўлган шахсларга эътибор кучайди ва фуқаролик жамияти, айниқса, ногиронлар жамоат бирлашмалари фаоллашганлигини кўряпмиз. Аммо бу фаоллик кўпроқ шаҳар марказларида, чекка ҳудудларга етиб бормаяпти. Қабул қилинаётган президент қарорларини қуйи поғоналарда самарали амалга ошириш муаммоси долзарблигича қолмоқда. Бу соҳада кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиняпти, лекин уларни амалда қўллаш механизмлари яхши ишламаётгандек.
Муаммонинг иккинчи тарафи ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқий саводхонлиги сустлигида ва улар адолатга эришишда кўплаб тўсиқларга учраб келяпти. Афсуски, суд-ҳуқуқ тизимида ногиронлиги борлар учун ҳали етарлича шарт-шароитлар яратилмаган. Ногиронлик масалалари жамиятимизда ҳануз тиббий ёки хайрия масаласи сифатида кўрилади. Лекин бу, биринчи навбатда, инсон ҳуқуқлари муаммоси. Мисол учун "Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги қонунда

















