Украина, Америка ва Британия ҳарбийлари Киевнинг қарши ҳужумини тайёрлаш чоғида стол устидаги хариталар устига фигуралар қўйиб, компютердаги «ҳарбий ўйинлар»дан фойдаланишган, деб ёзади Washington Post нашри.
«Бироқ, Вашингтон қисқа муддат ичида Украина қуролли кучлари ғарб намунасидаги жанговар кучга айланиши, айниқса, Киевнинг ҳарбий ҳаво кучларисиз замонавий қуролли кучларнинг ажралмас қисмига айлантириш борасида қаттиқ адашган», деб ёзади нашр.
Америкаликлар ва украинларнинг фикри вақти-вақти билан стратегия ва тактика борасида кескин фарқланган. Пентагон қарши ҳужум ўз позицияларини мустаҳкамлашда давом этаётган РФ қуролли кучларига халақит бериш учун апрел ойи ўрталарида бошланишини истаган. Украиналиклар эса қўшимча қурол-яроғлар ва тайёргарликсиз бунга тайёр эмасликларини айтиб, иккиланишган.
Ўша вақтда Украинада мавжуд имкониятлар билан Россия позицияларига механизациялашган юзма-юз ҳужумни амалга ошириш имконли эканига АҚШ ҳарбийларининг ишончи комил бўлган.
Моделлаштириш шуни кўрсатганки, Украина қуролли кучлари Азов денгизига чиқиш ва жанубда рус қўшинларини қирқиб қўйишни 60-90 кун ичида эплаши мумкин бўлган. АҚШ разведкаси муваффақиятга 50 фоиз имконият берган, деб қайд этади Washington Post.
АҚШ жанубий йўналиш бўйлаб мақсадли қарши ҳужумни ёқлаган, Украина раҳбарияти эса учта йўналиш: Мелитопол, Бердянск ва Бахмут бўйлаб ҳужум қилишни истаган. Украина қатъий қарши ҳужумда кўплаб йўқотишларга дучор бўлишидан чўчиган, АҚШ эса вақт ўтиши билан барибир йўқотишлар бундан-да кўпроқ бўлади, деб ҳисоблаган.
15 июнда, қарши ҳужум бошланганидан 2 ҳафта ўтиб АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин украиналик ҳамкасби Резниковдан нега Украина ҚК тутун пардаси ортида ҳаракат қилиши мумкин бўлган, янада қамровли механизациялашган ғарб техникасидан миналардан тозалашда фойдаланмаяпти, деб сўраган.
Украина мудофаа вазирлигининг собиқ раҳбари бу қарорни Украина ҳарбий қўмондонлари қабул қилганини айтиб, Украинанинг зирҳли техникаларини Россия вертолётлари, пилотсиз парвоз қурилмалари ва артиллерияси олдинга силжишга ҳар бир уринишда йўқ қилаётгани, ҳаводан қўллов бўлмаган ҳолатда ягона вариант яёв ҳужумга ўтиш бўлиб қолаётганини айтган.

Washington Post нашри ёзишича, Украинанинг 47-бригадасидаги ҳарбийларнинг 70 фоизи жанговар тажрибага эга бўлмасдан жангга киришган. Мина майдонлари зичлиги ва отишмалар интенсивлиги барча кутилмалардан ҳам зиёд бўлган, шахсий таркиб ва техникалар йўқотилиши жуда катта бўлган, кўплаб жангчилар «жангдан илк марта шокка тушиб қолишган», шундан сўнг улар қайта гуруҳланиш учун чекиниб, яна қонли жангларга тайёргарлик кўра бошлашган.
















