Жаҳон | 10:20 / 07.12.2023
10465
2 дақиқада ўқилади

Путин БАА ва Саудия Арабистонида ташриф билан бўлди

Ҳар икки давлатдаги музокараларнинг аксарияти ёпиқ эшиклар ортида ўтган.

Фото: kremlin.ru

Россия президенти Владимир Путин 6 декабр, чоршанба куни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) ва Саудия Арабистонига амалий ташриф билан бориб, бу давлатлар раҳбарлари билан учрашди. Уни Абу-Дабида президент Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён, Ар-Риёдда валиаҳд шаҳзода ва вазирлар кенгаши раиси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд қабул қилди.

Ҳар икки давлатдаги музокараларнинг аксарияти ёпиқ эшиклар ортида, аввалига делегациялар, кейин эса яккама-якка шаклда ўтди. Икки томонлама муносабатлар масалалари ва халқаро мавзулар, хусусан, Фаластин-Исроил можароси ва Украинадаги уруш муҳокама қилинди. Путин Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси билан икки давлатнинг ОПEК+ доирасидаги ҳамкорлигини ҳам муҳокама қилди.

БАА ва Саудия Арабистонига ташрифи чоғида Путиннинг самолёти минтақадаги олдиндан айтиб бўлмайдиган вазият туфайли Россия қирувчи самолётлари томонидан кузатиб борилган, деди Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков. 7 декабр куни Путин Москвага қайтади ва у ерда Эрон президенти Иброҳим Раисий билан музокаралар ўтказиши режалаштирилган. 

Фото: kremlin.ru

Путиннинг узоқ вақтдан бери Яқин Шарққа илк сафари

Бу Путиннинг узоқ вақтдан бери Яқин Шарққа илк сафари. БАА ва Саудия Арабистони ХЖСнинг юрисдикциясини тан олмайди ва унинг ишида иштирок этмайди. Россия президенти бундан олдин МДҲнинг учта давлатига ва Россия билан чегарадош Хитойга, шунингдек, Россия назоратидаги Украина ҳудудларига ташриф буюрди. 

Россия раҳбарияти ХЖС ордери туфайли Ню-Деҳлидаги G20 саммитини ўтказиб юборди. Кремл ХЖС ордерини ноқонуний деб топди. Бироқ, эҳтимолий хавф-хатарлардан қочиш учун РФ раҳбарияти халқаро анжуманларга бормасликни афзал кўрди ва ташқи ишлар вазири Сергей Лавровни G20 саммитида иштирок этиш учун Ҳиндистонга юборди.

Мавзуга оид