Жаҳон | 18:00
366
2 дақиқада ўқилади

БАА 15 ёшгача бўлган болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тақиқлади

15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқ платформаларида шахсий аккаунтлар яратиш ёки улардан фойдаланиш ва оммавий гуруҳларга қўшилиш тақиқланди.

Фото: Reuters

Бирлашган Араб Амирликлари ҳукумати болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини тартибга солувчи қарорни қабул қилди, жумладан, 15 ёшга тўлгунга қадар улардан фойдаланишни тақиқлади. Reuters нашрининг таъкидлашича, БАА бундай чекловларни жорий этган биринчи араб давлатидир.

БАА ҳукумати матбуот хизматининг хабар беришича, 15 ёшга тўлмаган болаларга ижтимоий тармоқ платформаларида шахсий аккаунтлар яратиш ёки улардан фойдаланиш, шунингдек, ушбу платформаларнинг барча функцияларидан фойдаланиш, жумладан, хабарлар жойлаштириш, шарҳлар қолдириш, маълумот алмашиш ва оммавий гуруҳларга қўшилиш тақиқланади.

Қарорда айтилишича, 15 ёшдан 16 ёшгача бўлган болаларга контентнинг ёш таснифи, ўзаро таъсир чекловлари, тартибга солинадиган фойдаланиш вақти ва ота-она назоратини ҳисобга олган ҳолда платформаларга хавфсиз кириш имконияти таъминланиши керак.

Платформаларга ёшни текширишнинг «аниқ ва ишончли» механизмларини жорий этиш, шунингдек, талабларга жавоб бермайдиган аккаунтларни кузатиш ва «зудлик билан чора кўриш» мажбурияти юкланди.

Қоидалар барча платформаларга татбиқ этилади. Талабларни амалга ошириш учун ижтимоий тармоқларга 12 ой вақт берилди, бу вақт ичида улар тегишли давлат органлари билан келишган ҳолда янги стандартларни жорий этишлари керак бўлади.

Аввалроқ, Австралия биринчи марта 2025 йил декабрь ойида 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқларга киришни тўлиқ тақиқлади. Худди шундай чоралар ҳозирда бир қатор Европа мамлакатларида, жумладан Франция, Испания ва Данияда кўриб чиқилмоқда. Канада ва Туркия ҳам ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни чеклашни режалаштирмоқда. 15 июнь куни Буюк Британия 16 ёшгача бўлган болалар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишга тўлиқ тақиқ жорий этилганини эълон қилди.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид