Қишда грипп кўпайишига сабаб нима?
Вируслар совуқ ва қуруқ ҳавода фаоллашади. Тўғри, қиш фаслида атмосферада намлик нисбатан юқори бўлади. Бироқ хоналар иситилиши сабабли ҳаво қуруқлашади. Бу эса инфекцияларнинг авж олиши учун қулай муҳит.
Қолаверса, патогенлар тоза ҳавони ёқтирмайди. Аммо совуқ кунларда эшик ва деразалар зич ёпилиб, хоналар ҳавоси тез-тез алмаштирилмайди. Одамлар асосий вақтини иссиқ шароитда, бир неча киши ёки кўпчилик бир жойда жамланиб ўтказади. Вируслар эса ёпиқ бино-иншоотлар, аҳоли гавжум жойларда тезроқ тарқалади.
Шамоллаш мавсуми бошланяпти – унга болаларни қандай тайёрлаш ва ҳимоя қилиш керак?
Яна бир тадқиқотга кўра, совуқ ҳарорат буруннинг турли вирусларга қарши курашадиган иммунитет реакциясини пасайтиради.
Шамоллаш ва гриппга сабаб бўлувчи вируслар, одатда, бурунга нафас олиш ёки тўғридан тўғри алоқа орқали киради. Бурун бўшлиғига бегона вирус киргач, ҳужайралар ўзи учун ёт бўлган нарсани чиқариб юбориш учун фаоллашади. Лекин совуқ ҳаво буруннинг бу шаклдаги иммунитет реакциясини пасайтиради.
Совуқ ҳавога чидамли бўлиш учун
Нафақат грипп бўлиб қолмаслик, балки совуқ об-ҳавода одам ўзини ёмон ҳис қилмаслиги учун ҳам унга тайёргарлик кўриши ва мослашиши керак. Бунинг учун бир қанча усуллар тавсия қилинади.
Одатдагидан кўра, очиқ ҳавода кўпроқ бўлиш. Албатта, совуқда кўчага чиқиш кўпчиликка ёқмайди. Лекин тоза ҳавода кунига камида 2 соат бўлишга эътибор қилиш зарур. Бошда бирданига 2 соат эмас, камроқ кўчада бўлиш, сўнг тоза ҳавода айланиш вақтини узайтириб бориш зарур.
Ўта қалин кийиниб юбормасликка аҳамият қаратиш керак. Кийимлар совуққотмаслик учун етарли бўлса кифоя. Шарф тақишни унутмаслик керак, чунки шарф бўйиндаги қон томирларини иссиқ сақлайди ва мияга ҳам иссиқлик етиб боради.
Уй ҳароратини жуда ҳам иссиқ қилиб юбормаслик, одатий тарзда совуқроқ ичимликлар ҳам ичиб юриш, илиқдан кўра совуққа мойил бўлган душ қабул қилиб туриш ҳам тананинг совуққа бўлган мослашувчанлигини оширади.

















