Жаҳон | 10:44 / 09.12.2023
9565
2 дақиқада ўқилади

ЕИ ўз аъзоларига Россиядан газ етказилишини блоклашга рухсат беради

Лойиҳага кўра, Европа Иттифоқининг исталган давлати Россия ва Беларус компанияларига ўзининг газ қувурлари ва СТГ терминалларидан фойдаланишни чеклаши мумкин, деб ёзади Financial Times.

Фото: Depositphotos

Европа Иттифоқи ўз аъзоларига Россиядан газ импортини мустақил равишда блоклаш имконини берувчи қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда 8 декабр, жума куни Financial Times нашри хабар берди. Лойиҳага кўра, Европа Иттифоқининг исталган давлати Россия ва Беларус компанияларига ўзининг газ қувурлари ва суюлтирилган табиий газ (СТГ) терминалларидан фойдаланишни «қисман ёки асосли бўлса, тўлиқ чеклаш» имкониятига эга бўлади. 

Financial Times қайд этишича, Европа Иттифоқининг юқори мартабали мулозимига кўра, бу таклиф Европа энергетика компанияларига Россия газ етказиб берувчилари билан шартномаларни жиддий товон пули тўламасдан бекор қилиш имконини яратади. 

Украина уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқи Россиянинг энергия ресурсларига қарамлигини сезиларли даражада камайтирди. 2027 йилга бориб, ЕИ Россиядан қазиб олинадиган ёнилғи қабул қилишни бутунлай тўхтатишни режалаштирмоқда. Бироқ, Европа Иттифоқига газнинг ўндан бир қисмидан кўпроғи ҳали ҳам Россиядан келади. Евростат маълумотларига кўра, 2023 йилнинг учинчи чорагида Россия гази Европа Иттифоқига умумий газ импортининг қарийб 12 фоизини ташкил қилган. Баъзи давлатлар, хусусан Австрия ва Венгрия Россия газ таъминотига қаттиқ қарам бўлиб қолмоқда.

2023 йил ноябр ойида Россиянинг Европага СТГ экспорти тарихдаги энг юқори кўрсаткичга етиб, 1,75 миллион тоннани ташкил этди. Энг йирик импорт қилувчилар Испания ва Белгиядир. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид