Украина қуролли кучлари собиқ бош қўмондони: Украина стратегик мудофаага ўтиши керак
Генерал Виктор Муженко Петро Порошенко президентлигининг бошидан охиригача Украина қуролли кучлари бош қўмондони бўлган. Украин жамоатчилиги ва ОАВда унга нисбатан муносабат бир хилда эмас.
Бир томондан, у ҳақиқий жанговар генерал саналган — ҳарбий ҳаракатлар ҳудудига шахсан ўзи борган ва фронтдаги амалиётларда бевосита иштирок этган. Қўрқув билмаслиги туфайли у оддий аскарлар орасида «Витя-война» лақаби билан танилган. Бошқа томондан, кўпчилик украин армияси тарихидаги энг фожиали саҳифалардан бирини — Иловайск котелини айнан унинг фамилияси билан боғлайди. Лекин нима бўлганда ҳам, дунёда Россия армиясига қарши туришда Виктор Муженко каби ҳаётий тажрибага эга бўлганлар жуда кам топилади.
Володимир Зеленский 2019 йил майида президентликка сайланиши билан ўзининг илк қарорларидан бири сифатида Виктор Муженкони истеъфога чиқаради. Ўшанда кўпчилик Россия билан муроса ҳақидаги шиорлар орқали ҳокимиятга келган Зеленский «порошенкочи» генералитетга ишонч билдирмагани ҳақида гапирганди.
Тўрт ой ўтиб эса Украина президенти Муженкони ҳарбий хизматдан ҳам бутунлай бўшатиб юборади. Генерал Украина қуролли кучларининг Марказий илмий-тадқиқот институтида илмий иш билан шуғуллана бошлайди.
2022 йил 24 феврали тонгида 60 ёшли Виктор Муженко ҳарбий формасини кияди ва «ўз ташаббуси билан Бош штабга йўл олади». Ўшанда, катта урушнинг илк кунида уни Украина ҚК бош қўмондони Валерий Залужний билан ҳарбий ҳаракатларнинг улкан харитаси устида энгашиб турган ҳолатида суратга олишган.
«Мен ишга қўшилдим, қаршилик кўрсатиш ва Россия тажовузини қайтаришни ташкиллаштириш бўйича жараён бошланди», — дея ҳикоя қилади у Украина ҚК бош штабидаги ўз иши ҳақида қисқача.
Бу иш узоқ чўзилмайди. Муженко шундай эслайди: йигирманчи апрелда, Россия қўшини Киев остонасидан кетганида, Валерий Залужний унга президент Зеленский «у бошқарув пунктида бўлмаслиги керак» деган фикрда эканини билдиради.
Шундан кейин Виктор Муженко илмий ишга қайтади. BBC украин хизмати мухбири Оксана Торопга берилган интервю— у Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши даврида ОАВ билан камдан кам мулоқотларидан бири бўлди.
Қарши ҳужум нега умидларни оқламади?
BBC билан суҳбатда Виктор Муженко Украина қўшинларининг шу ёзда бошланган қарши ҳужуми натижаларига аниқ баҳо бериб бўлмаслигини айтади.
Бир томондан, дейди у, Украина қуролли кучлари «россияликларни сиқиб чиқаришга муваффақ бўлди» ва Россия қўшини ҳавода ва артиллерия борасида устунликка эгалиги, кўплаб километрларга чўзилган миналанган майдонлар мавжудлиги ҳисобга олинса, буни мўъжиза деб аташ мумкин.
Бошқа томондан, у «ахборот кўмагида шаклланган кутилмаган Украина учун реалликка айланмагани»ни тан олади. «Бу кўпчиликнинг ҳафсаласини пир қилди, айримлар эса бундай арзимас ютуқлардан кейин тушкунликка тушиб қолди», — дейди Муженко.
BBC билан интервюда генерал воқеалар ривожи бундай тус олишининг бир неча сабабларини тилга олган.
У ёзги қарши ҳужум учун махсус шакллантирилган 9- ва 10-армия корпусларининг ўзи билан суҳбатда бўлган зобитларида асоссиз оптимизмни учратгани ҳақида гапиради.
«Келгуси ҳарбий ҳаракатларга бундай оптимистик муносабат мени ҳайратда қолдирди. Худдики барчаси шундай ҳисоб-китоб қилингандек… биз борамиз — ва улар қочиб кетади. Бизда „Леопард“лар бўлади, бомбалар, „Брэдли“, бошқа турли қуроллар пайдо бўлади, биз зарбалар берамиз ва шундай давом этади… Аммо, афсуски, ўйлангани ва исталганидек бўлиб чиқмади», — дейди Муженко.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, дастлабки ҳисоб-китоблар — генерал бу кимнинг ҳисоб-китоблари бўлганига аниқлик киритмаган, — «қарши ҳужум амалиётининг умумий режасидаги ҳаракатларда кучли ўсишни кўрсатмаган».
«Бу амалиётнинг стратегик режаси кўриб чиқилмаган. Фақат алоҳидаги йўналишларда алоҳида амалиётлар кўриб чиқилган… Бизда қўшинлар концентрацияси йўқ эди. Барча ноқулай шароитларга қўшимча равишда сон жиҳатдан устунлик ҳам йўқ эди, агар бўлса ҳам сезиларли даражада бўлмаган. Бу шундай ҳужум амалиётлари ўтказиш учун етарли даражадаги устунлик эмасди», — дейди Муженко.
Генерал Муженконинг сўзлари Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужнийнинг баҳоларига зид келади. 1 ноябр куни Economist нашрида чиққан интервюсида Залужний шундай деганди: «НАТО қўлланмалари ва биз амалга оширган ҳисоб-китоблар шуни кўрсатдики, Қримга кириш, Қримда жанг қилиш, Қримдан чиқиш ва у ерга яна бир бор кириш учун тўрт ой етарли бўлиши керак эди».
Муженконинг бу борадаги баёнотини украин генераллари танқиди деб қабул қилиш ҳам мумкин: «Савол туғилади, бу ҳисоб-китобларни ким қилган? Бу стратегик амалиётнинг ҳисоб-китоблар қанчалик реаллигини тушуниш учун ўзидан ўтказиши керак бўлган раҳбарияти қаерда эди? Украина томони рақиб ва унинг имкониятларини чиндан ҳам холис баҳолай олдими?»
Виктор Муженко Днипро кечиб ўтилиши ва унинг сўл соҳилида Украина ҚК плацдарми ташкил этилиши бўйича амалиётга ҳам алоҳида баҳо берган. Унинг сўзларига кўра, украинлар бу мураккаб амалиётни муваффақиятли бажаришган, аммо, давом этади у, «масала бу амалиёт қанчалик ўз вақтида ўтказилгани ва унинг истиқболлари қандайлигида».
Биринчидан, изоҳлайди Муженко, украин ҳарбийлари эндиликда ташкил этилган плацдармни у ерга оғир техника олиб ўтиш ва логистикани йўлга қўйиш даражасида кенгайтириш имконлими, деган саволга дуч келмоқда. Иккинчидан, генералнинг фикрича, чап соҳилда плацдармлар ташкил этиш бўйича амалиётлар анча олдинроқ ўтказилиши лозим эди.
Вазият буёғига қандай ривожланади?
BBC билан суҳбатда Виктор Муженко фронтдаги вазият боши берк кўчага кириб қолган деган фикрга қўшилмаслигини билдирган: «Бу уруш. Унда нафақат ғалабалар, баъзида мағлубиятлар ҳам бўлади. Унда нафақат муваффақиятли илгарилашлар, балки рақиб томонидан тўхтатилиш ҳам бўлади».
Вазиятнинг яқин келажакдаги ривожи ҳақида гапираркан, Муженко прогнозларнинг учта блокини ажратиб кўрсатади.
Биринчидан, у россияликлар айрим йўналишларда фаоллашишини кутмоқда: «Бу аллақачон рўй бермоқда. Путинга рамзий ғалабалар керак. Авдийивка ҳақида миш-мишлар бор — у эгалланиши керак. Марйинка бор — у эгалланиши керак. Купянск ва Вуҳледар бор — улар эгалланиши керак. Бизнинг қўшинлар Запорижжя йўналишида чуқур кириб борган — у камида бошланган чизиққа қайтарилиши керак. Херсон йўналиши бўйича ҳам худди шундай гап».
Иккинчидан, Муженко Россия жамоатчиликда ваҳима уйғотиш учун Украинанинг ички ҳудудларидаги инфратузилма объектларига ракета зарбалари йўллай бошлашини прогноз қилмоқда.
Учинчидан, россияликлар украин жамиятида келишмовчиликлар юзага келтириш ва Украина ҳарбий ва сиёсий раҳбарияти ўртасида низо қўзғатиш учун ахборий-психологик операциялар ўтказади, дейди у.
Шунга қарамай, Виктор Муженконинг фикрича, Украина «мамлакат ҳудудидаги босқинчи қўшинларни мағлуб этиш салоҳияти»ни сақлаб қолади.
«Масала биз ўз ўйлаганларимизни қандай амалга оширишимизда. Агар биз яна рўпарадан ҳужум қиладиган бўлсак, ўйлайманки, муаммолар бўлади. Мен келгусидаги ҳаракатларимизни шундай кўраман: чуқур эшелонланган, тегишли марралар, позициялар ва бошқалар мустаҳкамланган мудофаа чизиқлари қуришга асосланган стратегик мудофаага ўтиш», — дейди у.
Ўтган ҳафтада Украина президенти Володимир Зеленский истеҳкомлар қуришни кейинги яқин келажак учун ҳарбий ҳаракатлардаги устувор йўналишлардан бири сифатида келтирганди. Кузатувчилар украинларнинг мудофаа чизиқлари қуришга ўтишни кечиккан қарор деб аташмоқда.
Муженконинг аниқлик киритишича, йирик истеҳкомлар қуриш масаласи ўтган йил баҳоридаёқ украин раҳбарияти қаршисида турган масала бўлган.
«Аммо, биз шу йил муваффақиятли қарши ҳужум ўтказилиши ва 1991 йилги чегараларга чиқилишини кутгандик. Катта эҳтимол билан, бу хато бўлганди.
Украин кучлари энди ўтиши керак бўлган стратегик мудофаа қарши зарбалар беришни, бу муваффақиятли чиққан ҳолатда эса — қарши ҳужумлар уюштиришни ҳам ўз ичига олади», —дейди Муженко.
У параллел равишда Украина «фронтни қайта форматлаши кераклиги»ни таъкидлайди.
«Бу шуни англатадики, биз нафақат сон жиҳатдан, балки сифат жиҳатдан ҳам кучли бўлган захира яратишимиз керак. Сифатли захира эса — ҳарбий организмлар мавжудлиги демакдир: тайёрланган, жиҳозланган, яхши мувофиқлаштирилган ва бундай масалаларни ҳал қила оладиган юқори руҳиятга эга бригада, корпус ва бошқалар.
Бунинг учун давлат сафарбарлик бўйича ёндашувни ўзгартириши керак — бунга давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат тузилмалар, жумладан, «фуқароларда сафарбарликка онгли муносабатни ва у қандай мақсадда амалга оширилаётгани ҳақида умумий тушунчани шакллантириши керак бўлган» черковлар ҳам қўшилиши керак.
Бу уруш — мустақиллик, украин миллати мавжудлиги учун уруш. Ҳозирга келиб бу масаланинг долзарблиги бироз йўқолган бўлиши мумкин, бу эса муаммо», — дея хулоса қилади у.
Шу билан бирга, генерал Муженко BBC билан мулоқотда Украина ҳукуматининг ҳозирда Россия билан исталган музокаралар Москванинг манфаатларига хизмат қилиши тўғрисидаги тезисларни такрорлаган. Россия раҳбариятининг келаси йил бюджетида ҳарбий мақсадлар учун сарф-харажатлар кескин ошиши фонида қилган баёнотлари фақат яққол кўриниб турган нарсани яшириш учун мўлжалланган: Россия кейинги урушга тайёрланмоқда.
«Музокаралар олиб борадиган тақдиримизда ҳам бу Россия бизнинг эҳтимолий ютуқларимизни йўққа чиқариб, локаллаштирганида эмас, фақат кучли позицияда ва маълум муваффақиятларга эришганимизда бўлиши керак», — деб ҳисоблайди Виктор Муженко.
Зеленский ва Залужний ўртасида нималар бўлмоқда?
BBC сўрови билан президент Володимир Зеленский ҳамда Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўртасидаги можаро ҳақида украин ва ғарб нашрларида тарқалган маълумотларни шарҳларкан, Виктор Муженко ҳиссиётга берилган ҳолда улар ўртасидаги эҳтимолий можаро моҳиятан тушунарсиз эканини айтади: «Бош қўмондон Олий бош қўмондонга — Украина президентига бўйсуниши ҳақида аниқ, қонунан расмийлаштирилган тушунча мавжуд. Украина президенти мудофаа вазири тақдимномаси билан бош қўмондонни тайинлайди, Украина президенти тавсиясиз ҳам уни лавозимидан озод этиши мумкин. Шундай экан, бу ерда қандай низо бўлиши мумкин? Қанақасига?»
«Агар тушунмовчилик ёки турлича қарашлар бўлса, улар келишиб олинади ва аниқлаштирилади. Ва бу ОАВ орқали мулоқот бўлмаслиги, кенг оммага ошкор этилмаслиги, балки тет-а-тет шаклидаги суҳбат бўлиши керак. Қачонки маълум айбловлар, маълум тушунмовчиликлар тақдим этилса — уларнинг барчаси ёки ҳал қилинади, ёки ҳал қилинмайди ва шундан кейин президент ҳар қандай қонуний қарорни қабул қилиши мумкин, бу унинг ваколати доирасидаги иш», — дейди Виктор Муженко.
Генерал ҳарбийлардан «2024 йил учун уруш режаси»ни тақдим этишни талаб қилаётган украин сиёсатчиларини ҳам танқид қилган. BBC билан суҳбатда Муженко фамилияларни келтирмаган, аммо гап Украина президенти офисига яқин бўлган, Олий Рада депутати Маряна Безуглая ҳақида кетаётгани тушунарли эди, ушбу депутат сўнгги ҳафталарда ижтимоий тармоқлардаги провокацион постлари билан Залужнийга ҳужум қилиб келмоқда.
«Улар ҳозир айтаётган гаплар — вазиятни ва стратегик режалаштириш масаласини умуман тушунмасликдир. Шу туфайли бундай ҳужумларнинг барчаси — қандайдир ахборий амалиёт элементи… Ва бу, юмшоқ қилиб айтганда, оптимизм қўшмайди ва орқада, ичкарида нималар бўлаётганини кўриб турган ҳарбий қисмлардаги аскарларнинг жанговар руҳини оширишга ёрдам бермайди», — дейди Муженко.
Унинг сўзларига кўра, президент билан муносабатлардаги муаммоларни Валерий Залужнийнинг ўзи ҳал қилиши мумкин эди. Бунинг учун Залужний барчага эшиттирган ҳолда ҳеч қандай сиёсий амбициялари йўқлигини айтиши керак, деб ҳисоблайди генерал.
«Ва [шунда] ёндан, ўнгда, чапда ёки орқада [Залужнийда] [сиёсий] амбициялар, истиқболлар ва ҳоказолар борлиги ҳақида пичирлаётган ва бақираётганлар дарҳол жимиган бўларди. Аммо негадир бундай нарса йўқ. Нима учун? Шу ерда савол туғилади», — дейди Муженко.
Муженконинг баёноти «Рейтинг» социологик гуруҳининг сўров натижалари чиқиши фонида берилди, бу сўров Валерий Залужний — Володимир Зеленскийнинг Украинадаги назарий президентлик сайловларидаги ягона эҳтимолий рақиби бўлишини кўрсатади.
Ўтган ҳафтада Киевдаги «Украинская правда» нашрида Володимир Зеленский ва Валерий Залужний муносабатларидаги ўзгаришларга бағишланган мақоласида ўтган йил баҳоридаёқ президент офисининг қудратли раҳбари Андрей Ермак «Залужнийнинг эҳтимолий амбицияларидан хавотирга тушган… [у] Зеленскийнинг атрофидагиларнинг бутун эътиборини бош қўмондонга қаратган».
Яқинда Sun газетасига берган интервюсида генаралларни сиёсат билан шуғулланмасликка чақирганида Зеленский айнан Валерий Залужнийни назарда тутгани айтилади.
Валерий Залужнийнинг ўзи эса ҳеч қачон сиёсий режалари ҳақида баёнот бермаган.
Мавзуга оид
20:12 / 22.11.2024
«Афтидан қўрқинчли, аммо ҳеч нарсани ўзгартиролмайди» — «Орешник» қанақа ракета?
14:17 / 22.11.2024
Венгрия Украина билан чегарада ҲММ тизимларини ўрнатиш ниятида
09:12 / 22.11.2024
Британия Украинадаги вазият кескинлашганини маълум қилди
22:23 / 21.11.2024