Жаҳон | 21:52 / 12.12.2023
10083
2 дақиқада ўқилади

Пентагон махфий ҳужжатларининг ошкор этилиши бўйича тергов натижалари эълон қилинди

АҚШ Миллий гвардия разведка қанотининг 15 нафар аъзоси жазога тортилди. 

АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари департаментининг маълум қилишича, Миллий гвардия разведка қанотининг 15 нафар аъзоси Пентагон махфий ҳужжатларининг оммавий равишда сизиб чиқиши сабабли интизомий жазога тортилган. 

Терговда аниқланишича, маълумотлар Жек Тейшейранинг эҳтимолий ҳаракатларидан кейин сизиб чиққан бўлиб, унга июн ойида махфий маълумотларни сақлаш ва тарқатиш бўйича 6 та айблов эълон қилинган. 

Шунингдек, терговда Тейшейра хизмат қилган қисмда маълумотлар сизиб чиқишининг олдини олиш учун зарур чоралар кўрилмагани аниқланган. Хусусан, Тейшейранинг ҳамкасблари унинг махфий маълумотларни қидираётганини билган, бироқ бу маълумотларни ошкор қилаётганини билмаган. 

Бундан ташқари, қўмондонларнинг ўзига ишониб топширилган ишни назорат қилмаслиги, хавфсизлик ҳодисалари тўғрисида изчил хабар бермаслиги, шунингдек, махфий маълумотларга эга бўлмаслиги керак бўлган шахсларга рухсат берилгани ва самарасиз интизомий чоралар кўрилиши маълумотларнинг сизиб чиқишига билвосита сабаб бўлган. 

Интизомий жазога тортилган 15 аскар орасида 102-разведка қаноти қўмондони полковник Шон Райли ҳам бор, у терговдан сўнг лавозимдан четлатилган. 

Америка ҳарбийлари ва разведкасига тегишли, жумладан Украинадаги уруш билан боғлиқ махфий ҳужжатларнинг сизиб чиқиши ҳақида 2023 йил баҳорида маълум бўлди. 13 апрел куни бу иш бўйича Discord ёпиқ серверида махфий ҳужжатларни чоп этган Жек Тейшейра қўлга олинди. Ушбу сизиб чиқиш сўнгги йиллардаги энг йирикларидан бири ҳисобланади. Тейшейра 15 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Мавзуга оид