Жаҳон | 11:07 / 13.12.2023
3528
2 дақиқада ўқилади

ЕИ санкцияларни четлаб ўтганлик учун жазо чораларини кучайтиришга рози бўлди

Европарламент ва Европа Иттифоқи давлатлари санкцияларни бузишга олиб келадиган ҳаракатларни жавобгарликка тортиш бўйича принципиал келишувга эришди. Бундан ташқари, музокарачилар жиноий активларни мусодара қилиш қоидаларини келишиб олдилар.

Фото: Arne Immanuel Bänsch/dpa/picture alliance

Европа Иттифоқи Брюссел томонидан киритилган санкцияларни четлаб ўтишга уринганларни янада қаттиқроқ жазолашни режалаштирмоқда. 12 декабр, сешанба куни Европарламент ва Европа Иттифоқи давлатлари музокарачилари айрим санкциялардан бўйин товлаганлик учун жавобгарликка тортиш бўйича дастлабки сиёсий келишувга эришди. Хусусан, тегишли давлатга санкция қўйилган товарларни сотиш ёки қора рўйхатга киритилган шахсларга Европа Иттифоқи ҳудудига киришда ёрдам бериш жиноий ҳуқуқбузарлик сифатида таснифланади, деб хабар қилди Еврокомиссия.

Компаниялар ва жисмоний шахслар санкцияларни четлаб ўтишдаги иштироки учун жазоланади

Бундан ташқари, тақиқланган молиявий хизматлар кўрсатиш ёки қора рўйхатдаги шахсларнинг мол-мулкини яшириш ҳам жазоланади. Фитна қўзғатиш ёки санкцияларни четлаб ўтишга ёрдам бериш жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Муайян шароитларда компаниялар ҳам санкциялардан бўйин товлашда иштирок этгани учун жавобгарликка тортилади. Таъкидланганидек, бу қоидалар Европа Иттифоқи томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкциялар билан боғлиқ ҳолда алоҳида аҳамиятга эга. Ҳозирда Европа Иттифоқи Россияга қарши навбатдаги, 12-санкция пакетини тайёрламоқда.

ЕИ жиноий йўл билан олинган активларни мусодара қилишни режалаштирмоқда

Бундан ташқари, Еврокомиссия жиноий фаолият билан боғлиқ активларни Европа Иттифоқига қайтариш ва уларни мусодара қилиш чора-тадбирларини кучайтириш бўйича сиёсий келишувга эришилгани ҳақида хабар берди. Расмий қабул қилингандан сўнг, ушбу директива уюшган жиноятчиликка қарши курашда асосий омилга айланади ва жиноятчиларнинг ўз фаолиятини сақлаб қолиш ва кенгайтириш имкониятларини чеклайди, дейилади баёнотда.

Ҳар иккала ҳужжат ҳам Европарламент ва Европа Иттифоқи мамлакатлари томонидан расман тасдиқланиши керак.

 

Мавзуга оид