Жаҳон | 09:06
758
3 дақиқада ўқилади

Венгрия Украинанинг ЕИга қўшилиш бўйича музокараларини яна блоклади

Венгрия Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича Украина билан олиб борилаётган музокараларнинг навбатдаги босқичини бошлашга қарши чиқди. ОАВ маълумотларига кўра, Будапешт Украина учун иккинчи ва учинчи музокара кластерларини очишга розилик бермагани сабабли масала бўйича қарор қабул қилиш кейинги йиғилишга қолдирилди.

Фото: Sam McNeil/AP Photo/dpa/picture alliance

Венгрия Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича музокараларнинг иккинчи ва учинчи кластерларини очиш жараёнини қўллаб-қувватламади. Бу ҳақда Украинанинг «Европейская правда» нашри Европа Иттифоқидаги манбаларига таяниб хабар қилди.

Маълумотларга кўра, мазкур қарор 17 июл куни Европа Иттифоқи Кенгашининг кенгайиш масалалари бўйича ишчи гуруҳи (COELA) йиғилишида қабул қилинган.

Музокараларнинг иккинчи кластери ички бозор масалаларини, учинчи кластери эса рақобатбардошлик ва инклюзив иқтисодий ўсиш йўналишларини қамраб олади.

Йиғилиш иштирокчилари Украина ва Молдовага ушбу икки кластер бўйича расмий музокара позицияларини тақдим этиш сўралган мактубни юборишни режалаштирган эди. Бироқ Венгрия фақат Молдовага учинчи кластер бўйича мурожаат юборилишини қўллаб-қувватлаган.

Нашр манбаларига кўра, Европа Иттифоқининг бошқа қатор аъзо давлатлари Украина ва Молдовани музокара жараёнида алоҳида кўриб чиқиш таклифига қарши чиққан. Натижада масала юзасидан якуний қарор қабул қилинмай, уни 22 июл куни бўлиб ўтадиган навбатдаги COELA йиғилишида қайта муҳокама қилишга келишилган. Бу йиғилиш ёзги танаффусдан аввалги сўнгги учрашув бўлади. Шундан кейин ишчи гуруҳ фаолияти 1 сентябргача тўхтайди.

Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари 15 июн куни Украина ва Молдова учун «Асослар» деб номланган биринчи музокара кластерини расман очган эди. 14 июл куни эса ҳар икки мамлакат учун ташқи муносабатларга бағишланган олтинчи кластер бўйича ҳам музокаралар бошланган.

Гарчи Украинанинг Европа Иттифоқига аъзо бўлиш жараёни расман 2024 йил июн ойида Люксембургда бошланган бўлса-да, айнан музокара кластерларининг очилиши мамлакат қонунчилигини Европа Иттифоқи талабларига мослаштириш бўйича амалий музокараларнинг бошланганини англатади. Бу жараён 2026 йил июнига қадар Венгриянинг позицияси сабаб тўхтаб қолган эди.

Июн ойи охирида ҳам Венгрия Европа Иттифоқида Украина ва Молдованинг аъзолигини қўллаб-қувватловчи қўшма мурожаатни Европа Кенгаши ва Европа комиссиясига юборишга қарши чиққан ягона давлат бўлган.

Венгрия бош вазири Петер Мадяр бу позицияни изоҳлар экан, Украина учун барча олтита музокара кластерини бир вақтнинг ўзида очиш тўғри қарор эмаслигини таъкидлаган. Унинг фикрича, бундай қадам Сербия, Албания, Черногория ва Шимолий Македония каби Европа Иттифоқига аъзо бўлиш йўлида узоқ йиллардан бери ҳаракат қилиб келаётган Ғарбий Болқон давлатларига нисбатан нотўғри сиёсий сигнал юбориши мумкин.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид