СССР тарихида “Рязан мўъжизаси” деб номланадиган машъум бир иш бор. Бу иш 1950-йиллар охирида, мамлакатни Хрушчёв бошқарган кезларда содир бўлган.

Йиғилишларнинг бирида Хрушчёв мамлакатдаги озиқ-овқат тақчиллиги ҳақида гапириб, гўшт етиштиришни уч йилда уч баробарга ошириш кераклигини айтади.

Шунда Рязан вилояти обкоми “ташаббус” кўрсатади ва ўзи бошқараётган вилоятда гўшт етиштириш режасини уч йилда эмас, бир йилда уч баробарга оширишини айтади.

Ўшанда Рязан обкоми иккита Ленин ордени, “Социалистик меҳнат қаҳрамони” унвони ва “Меҳнатдаги натижалари учун” медалига сазовор бўлади.

Бироқ зўрма-зўраки тарздаги режа бажарилгани учун вилоятда барча соҳа издан чиқади. Охир-оқибат бу Москвадагиларга ошкор бўлгач, обком ўз жонига қасд қилади.

Бу тарихни кўпчилик ҳам билавермайди. Чунки СССРда бундай ишлар ҳар доим оммадан яширилган. Советлар тарғиботига кўра, СССРда ҳаммаси зўр, мамлакат гуллаб-яшнаган.

Бошқа кўплаб ҳодисалар қатори Рязан обкоми билан содир бўлган иш тафсилотлари СССР парчаланиб кетгач ошкор бўлади ва омма ўшанда нима бўлганидан хабар топади.

“Американи қувиб ўтамиз!”

Ҳаммаси Никита Хрушчёвнинг баланпарвоз гапларидан бошланган. 1958 йилда мамлакат раҳбари бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги ходимларининг йиғилишида оташин нутқ сўзлайди.

Гап орасида у қўлларини мушт қилган ҳолда тепага силкитиб, “Нима бўлибди бизга Америка? Тез орада уни қувиб ўтамиз”, деб гапириб қолади. Хрушчёв ҳатто 1980 йилда СССРда коммунизм қурилишини ҳам айтади.

Ўша пайтда СССР қуруқлик жиҳатдан дунёдаги энг йирик давлат бўлиб, аҳоли сони бўйича АҚШдан олдинда турса ҳам, Американи қувиб ўта олмаслиги ҳаммага кундай равшан эди.

Бироқ етишмовчиликлардан озор чекиб юрган халқни нимадир деб овутиш, қолаверса маҳаллий раҳбарларга мотивация бериш лозим эди ва бундай ишларга Хрушчёвнинг суяги йўқ эди.

Айтганча, Американи қувиб ўтиш ҳақидаги гапни биринчи бўлиб Хрушчёв айтмаган. Унгача Ленин ва Сталин ҳам айтган. Хрушчёвдан кейинги раҳбарлар ҳам такрорлаб туришган.

Ўша йиғилишда СССР раҳбари мамлакатда озиқ-овқат, жумладан гўшт ва сут тақчиллиги ҳақида гапиради ва кейинги уч йилда, яъни 1960 йилгача гўшт етиштиришни уч баробарга кўпайтириш лозимлигини таъкидлайди.

Хрушчёв гапини тугатгандан сўнг дарҳол Рязан вилояти (области) партия қўмитасининг биринчи котиби (амалда вилоят раҳбари) Алексей Ларионов сўзга чиқади. У мамлакат раҳбарининг гўшт етиштиришни кўпайтириш ҳақидаги гапларини қўллаб-қувватлаб, нутқ сўзлайди.