Ўзбекистон | 20:57 / 16.12.2023
27432
1 дақиқада ўқилади

Фарғонада бир оиланинг 4 нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этди

Уй печининг дудбурони ностандарт тарзда ташқарига йўналтирилгани оқибатида газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази назоратсиз тарқалишига сабабчи бўлган.

Фарғона вилояти, Ўзбекистон туманида эр-хотин ва уларнинг икки нафар қизи ис газидан заҳарланиб вафот этди.

Қайд қилинишича, ҳодиса 15 декабр куни содир бўлган. Эр-хотин ҳамда уларнинг вояга етмаган икки нафар қизи яшаш хонадони ётоқхонасида ис газидан заҳарланиб, вафот этган.

Таъкидланишича, марҳумлар истиқомат қилган хонадоннинг ётоқхона ва ювиниш хонаси қўлбола усулда темирдан ясалган печ билан иситилган, эшик ва дераза ромлари алюминий профилдан ишланган.

Ёнғинга қарши кураш жамияти туман ҳудудий бўлими техник хавфсизлиги муҳандисининг хулосасига кўра, печнинг дудбурони ностандарт ҳолатда ташқарига йўналтирилгани оқибатида, газ тўлиқ ёнмасдан, ис гази назоратсиз тарқалишига сабабчи бўлган.

Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, одамларнинг ўлими ис газидан ўткир заҳарланиш оқибатида юзага келган. Терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид