Жаҳон | 22:35 / 16.12.2023
12960
2 дақиқада ўқилади

Владимир Путин номзоди Россия президентлигига илгари сурилди

Россиялик сиёсатчилар, спортчилар ва санъаткорларнинг ташаббускор гуруҳи Путин номзодини қўллаб-қувватлади.

Фото: Сергей Гунеев / ТАСС

Москва шаҳридаги «Зарядие» концерт залида бўлиб ўтган йиғилишда сайловчилар ташаббускор гуруҳи Россия президенти сайловида ўз-ўзини кўрсатган номзод сифатида Владимир Путин номзодини қўллаб-қувватлади.

Тегишли қарор бир овоздан қабул қилинди. Номзодни кўрсатиш гуруҳига Андрей Турчак, Артём Жога, Татяна Навка, Жефф Монсон, Владимир Машков, Ярослав Дронов, Сергей Карякин, Валерий Гергиев, Константин Ярошенко ва бошқа ўнлаб машҳур россияликлар кирди.

Йиғилиш баённомаси Марказий сайлов комиссиясига юборилади ва ташаббус гуруҳи рўйхатга олинганидан сўнг, Путин тарафдорлари имзо тўплашни расман бошлаши мумкин бўлади.

Россиянинг амалдаги президенти Владимир Путин 8 декабр куни янги, бешинчи президентлик муддатига ўз номзодини қўйишини маълум қилган эди.

Россияда президент сайлови 2024 йил 15-17 март кунлари бўлиб ўтади.

Владимир Путин бундан олдин 4 марта президентлик сайловида номзодини қўйган ва барчасида ғалаба қозонган. У 2000 йилдан бери Россияга раҳбарлик қилмоқда.

Унинг амалдаги президентлик ваколати 2024 йил 7 май куни ниҳоясига етади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид