Ўзбекистон | 23:16 / 18.12.2023
12194
2 дақиқада ўқилади

Абдулла Арипов Москвада МДҲ ҳукуматлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида қатнашди

Унда МДҲ кўп томонлама ҳамкорлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

Фото: cis.minsk.by

18 декабр куни Москвада Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги ҳукуматлар раҳбарлари кенгашининг мажлиси бўлиб ўтди. 

Унда Озарбойжон бош вазири Али Асадов, Беларус бош вазири Роман Головченко, Қозоғистон бош вазири Алихон Смаилов, МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгаши раиси, Қирғизистон президенти администрацияси раҳбари Оқилбек Жапаров, Россия ҳукумати раиси Михаил Мишустин, Тожикистон бош вазири Коҳир Расулзода, Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Арманистон бош вазири ўринбосари Мҳер Григорян, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Хўжамират Гелдимирадов, МДҲ бош котиби Сергей Лебедев иштирок этди. 

Учрашувда МДҲ кўп томонлама ҳамкорлик ва маданий-гуманитар ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашилди. 

МДҲ аъзо давлатлари Ҳукумат раҳбарларининг маданий-гуманитар ҳамкорлик истиқболлари тўғрисидаги баёноти қабул қилинди. У мамлакатлар ўртасидаги шериклик, дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш учун бундай ҳамкорликнинг юксак салоҳиятини эътироф этади, дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш, давлатлар ўртасида маданият соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва чуқурлаштириш истагини билдиради, маданий-гуманитар ҳамкорликнинг асосий мақсадларини тасдиқлайди. 

Ҳужжатда маданиятлараро мулоқотни чуқурлаштиришга кўмаклашиш, МДҲ давлатларининг маданий анъаналарига ўзаро тушуниш ва ўзаро ҳурматни мустаҳкамлаш, барча давлатларнинг манфаатларини ҳурмат қилиш ва ҳисобга олиш, маданий-гуманитар соҳада давлатлараро ҳамкорликнинг барча кўламини ўзаро ҳамкорлик асосида шакллантиришга тайёрлик ҳақида сўз боради. 

Қирғизистон томони МДҲ раиси сифатида баёнот матнини БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга тарқатиши кўзда тутилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид