Ўзбекистон | 23:15 / 18.12.2023
9652
2 дақиқада ўқилади

Президент ҳузурида 6-7 км чуқурликда геологик бурғилашга ўтиш масалалари муҳокама қилинди 

Бунинг учун хорижий инвестициялар жалб этиш, тармоқ корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. 

Президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида геология майдонларини ўзлаштириш бўйича қўйилган вазифалар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди. Соҳа мутасаддилари ушбу вазифалар ижроси, 2024 йилга мўлжалланган геология-қидирув ва ишлаб чиқариш дастури бўйича ахборот берди. 

Қайд этилишича, бу ишлар икки йўналишда – ҳам мавжуд конларда газ қазиб олиш ҳажмини сақлаб қолиш, ҳам янги захираларни аниқлаш бўйича олиб борилмоқда. Охирги йилларда геология-қидирув ишлари 2-3 километрдан 4-5 километр чуқурликкача туширилди. Бунинг натижасида янги газ захиралари аниқланди, қўшимча 4,4 миллиард куб метр газ қазиб олинди. 

Шунингдек, халқаро консалтинг компанияси жалб қилиниб, кўплаб истиқболли қудуқларни ишга тушириш имкони топилди. 

Буни давом эттириб, келгуси йилда 3,5 минг квадрат километр майдонда сейсмик ишлар олиб бориш ҳамда янги қидирув қудуқлари қуриш режалаштирилган. 

Йиғилишда бунинг учун хорижий инвестициялар жалб этиш, тармоқ корхоналарини айланма маблағ билан таъминлаш масаласи кўриб чиқилди. 

Илғор технологиялар ёрдамида 6-7 километр чуқурликда геологик бурғилашга ўтиш масалалари муҳокама қилинди. 

Энергия манбаларини изчил етказиб бериш, шу билан бирга, ҳудудлар ва йирик корхоналар кесимида тўлов интизомини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.

Мавзуга оид