Жаҳон | 21:43 / 18.12.2023
8453
2 дақиқада ўқилади

Европа Иттифоқи Россияга қарши санкцияларнинг 12-пакетини қабул қилди

Бу олмос импортини тақиқлашни ва Россияга «сезгир» товарлар ва технологияларни реэкспорт қилишни чеклашни ўз ичига олади. 

Фото: РИА Новости

Европа Иттифоқи ҳукумати Россиянинг Украинага бостириб кириши муносабати билан унга қарши иқтисодий санкцияларнинг 12-пакетини қабул қилди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Россиядаги делегацияси хабар берди. 

Янги санкциялар пакети Россиядан олмос олиб кириш, сотиб олиш ва олиб ўтишни тақиқлашни ўз ичига олади. Ушбу чора 2024 йил 1 январдан бошлаб Россиянинг носаноат табиий ва синтетик олмослари, шунингдек, олмос тақинчоқларига нисбатан қўлланилади. 

2024 йилнинг 1 мартидан 1 сентябригача Европа Иттифоқи учинчи мамлакатларда қайта ишланган Россия олмосларини импорт қилишни ҳам босқичма-босқич тақиқлайди. 

Европа Иттифоқи экспортчилари айниқса «сезгир товар ва технологиялар»нинг Россияга реэкспорт қилинишини учинчи давлатларга шартнома асосида тақиқлаши керак бўлади, ҳамкор давлатлар бундан мустасно. 

Бошқа нарсалар қаторида, Европа Иттифоқи тақиқланган товарлар ва шахсий чекловлар киритилган шахслар рўйхатини кенгайтиради, Россияга «катта даромад» олиб келадиган товарларни киришига тақиқ жорий қилади ва аллақачон киритилган санкцияларнинг бажарилишини таъминлаш учун мўлжалланган янги чораларни кўради. 

Европа Иттифоқи, шунингдек, шахсий гигиена воситалари ва кийим-кечак каби шахсий буюмларни, шунингдек, дипломатик рақамларга эга автомобилларни олиб киришдаги чекловларга бир қатор истиснолар киритади. ЕИ давлатлари Россияда яшовчи Европа Иттифоқи фуқароларининг автомобилларини сотиш учун мўлжалланмаган ва фақат шахсий мақсадларда фойдаланилган ҳолда киришига рухсат бериши мумкин.

Санкциялар Европа Иттифоқининг расмий журналида чоп этилганидан кейин кучга киради.

Мавзуга оид