Жамият | 19:06 / 19.12.2023
53732
2 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда 7-синф қиз унаштирилгани ҳақида хабар тарқалди, болалар омбудсмани муносабат билдирди 

Тадбир унаштириш ёки тўй маросими эмаслиги, туғилган кун экани айтилди. 

Фото: Видеодан кадр

Қашқадарё вилоятида 7-синф қиз унаштирилгани ҳақида видеолавҳа тарқалди. Унда бир аёл ёш қизнинг бўйнига тақинчоқ таққанини кўриш мумкин. 

Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова томонидан ўрганиш олиб борилди. Қайд қилинишича, воқеа Қашқадарё вилояти, Кўкдала туманида содир бўлган. 

Қизнинг ота-онаси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган тадбир экани тўғрисида тушунтириш берган. Шунингдек, ҳолат тўй ёки унаштирув маросими эмаслиги, қизини эрта турмушга бериш нияти йўқлиги, уни ўқитиш ва шифокор қилиш ниятида эканини айтган. 

Болалар омбудсманининг таъкидлашича, бу ҳудудда қизларнинг унаштирув маросимини эрта ўтказиш урф-одати қисман бўлса-да сақланиб қолган. Шу сабабли, омбудсман ҳолат бўйича назоратни давом эттиради, боланинг жисмонан ва маънан соғлом муҳитда парвариш қилиниши, унинг таълим олиш ҳуқуқи ҳамда келгусида ўз ҳаёти билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳуқуқи таъминланишини кузатиб боради. 

Болалар омбудсмани қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларига мутлақо муросасиз бўлиб, шундай фикрда бўлган ота-оналарни никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни ёки никоҳ тузиш тартибини бузиш учун қонунан жавобгарлик белгилангани ҳақида огоҳлантирган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид