11:56 / 21.12.2023
3332

Москва суди Google’ни 4,6 млрд рубл миқдорида жаримага тортди

Америка интернет-концерни Украинадаги уруш ҳақидаги материалларни олиб ташламаганликда айбдор деб топилди. Бу Google компаниясига Россияда материалларни олиб ташламагани учун солинган учинчи жарима.

Фото: Global Look Press/Frank Hoermann/SVEN SIMON

Москванинг Таганка суди Google компаниясига Россияда тақиқланган маълумотларни ўз ичига олган материалларни YouTube’дан олиб ташламагани учун 4,6 миллиард рубл миқдорида жарима солди, деб хабар қилди 20 декабр, чоршанба куни Москва судлари матбуот хизмати. 

Иш материалларидан маълум бўлишича, гап Россиянинг Украинага қарши уруши, «экстремистик контент» ҳақидаги маълумотларни олиб ташламаслик ҳақида кетмоқда. Google LLC Россия Федерацияси Маъмурий жавобгарлик кодекси 13.41-моддасининг 5-қисмига биноан маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбдор деб топилди.

Суд мажлисида юрист протоколни тузган мансабдор шахслар ваколатлари тўғрисида маълумот тақдим этишни, шунингдек скриншотлар олишда қатнашган Роскомнадзор ходимларини сўроққа чақиришни сўради, чунки скриншотларда сана ва вақтдаги номувофиқликлар мавжуд, аммо судя унга рад жавобини берди.

Учинчи жарима

Бу Америка интернет-концернига Россияда тақиқланган материалларни олиб ташламагани учун солинган учинчи жаримадир. 2021 йилнинг декабрида Google 7,2 миллиард рубл, 2022 йил июлида эса 21,07 миллиард рубл жаримага тортилганди.

16 июнь куни Google’нинг Россиядаги шуъба корхонаси - «Гугл» МЧЖ Москва арбитраж судига банкротлик тўғрисида ариза берди. 

 

Top