Жаҳон | 12:19 / 21.12.2023
8890
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Россияга икки мақсадли товарлар экспорти давом этмоқда

11 мамлакат компаниялари Россияга қурол ишлаб чиқариш учун Россия ҳарбий-саноат комплекси корхоналари томонидан қўлланадиган асбоб-ускуналар ва икки мақсадли товарларни етказиб беряпти.

Фото: The Insider

11 мамлакат компаниялари, Россиянинг Украинага қарши уруши туфайли киритилган санкцияларга қарамай, Россия Федерациясига танклар ва бошқа қуролларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар ва икки мақсадли товарларни экспорт қилмоқда. Бу ҳақда The Insider 20 декабр, чоршанба куни чоп этган суриштирувда айтилади.

Рўйхатда Германиядан учта компания бор 

Хусусан, Германиянинг Олсбах шаҳрида (Баден-Вюртемберг федерал ери) жойлашган, АҚШ ва Хитойда шуъба корхоналарига эга WTO Werkzeug-Einrichtungen GmbH асбоб-ускуналар компанияси тилга олинган. 40 йиллик тарихга эга компания Россия мудофаа корхоналарида ишлатиладиган станоклар учун эҳтиёт қисмлари етказиб беради. 

Суриштирувда пайдо бўлган яна бир немис компанияси - Йена шаҳридан (Тюрингия федерал ери) Oxapa GmbH. 2022 йил ноябр ойида компания Россиянинг авиация ва ҳарбий техника учун оптик-механик тизимларини ишлаб чиқарувчи етакчилардан бири бўлган Рязан шаҳридаги «Макрооптика» корхонасига «Ростех» тузилмалари, шунингдек, «ФСБ» ва Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда оптик қайта ишланган шишаларни етказиб берган. Oxapa GmbH эгалари Беларусдан келган муҳожирлар - Владислав ва Андрей Матусевичлар бўлиши мумкин.

Суриштирувда номи тилга олинган учинчи немис компанияси - Rudi Gebel Gmbh & Co. Kg Бавариянинг Ҳелмбречтс кичик шаҳарчасидан бўлиб, у «Протон» АЖга қарашли, Россиядаги йирик оптоэлектроника ишлаб чиқарувчи «Протон-Электротекс»  Орёл фирмасига яримўтказгичли қурилмаларни йиғиш учун эҳтиёт қисмлар етказиб беради, унинг ҳамкорлари эса Россия ҳарбий-саноат мажмуасининг асосий концернлари ҳисобланади. 2023 йил 8 декабрда «Протон» бош директори Вячеслав Меншов «Махсус ҳарбий операциядаги ёрдам учун» медалини олган.

Дунё бўйлаб етказиб берувчилар

The Insider журналистларининг маълум қилишича, Россияга икки мақсадли маҳсулотлар Австрия, Италия, Латвия, Литва, Сербия, АҚШ, Финландия, Жанубий Корея, Эстония ва Япония компаниялари томонидан ҳам етказиб берилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид