ЕИ бюджет қоидаларини ислоҳ қилиш бўйича келишиб олди
Келишув ЕИ фискал қоидаларининг асосий параметрларини сақлаб қолади, лекин қарздорлик даражаси юқори бўлган мамлакатларга қарзлар ва бюджет тақчиллигини камайтиришда кўпроқ мослашувчанликни таъминлайди.
Кўплаб баҳс-мунозаралардан сўнг Европа Иттифоқига аъзо давлатлар фискал қоидаларни ислоҳ қилишга рози бўлди. Испаниянинг ЕИ кенгашидаги раислиги 20 декабр, чоршанба куни Европа Иттифоқи молия вазирларининг видео-конференциясидан сўнг муросага эришилганини эълон қилди. Хабарда таъкидланганидек, келишув «барқарорлик ва ўсишни» таъминлайди.
Европа Иттифоқига аъзо давлатлар учун янги фискал қоидалар янада реал ва айни пайтда самарали бўлади, деб ёзди Германия федерал молия вазири Кристиан Линдер X (собиқ Twitter) платформасида. «Улар тақчиллик ва қарз нисбатларини камайтириш бўйича аниқ рақамларни сармоя ва таркибий ислоҳотларни рағбатлантириш билан бирлаштиради», деди сиёсатчи.
Қарзни қисқартиришда кўпроқ мослашувчанлик
Ислоҳот инвестицияларни таъминлаш ва шу билан бирга, алоҳида аъзо давлатларнинг ортиқча қарздорлигидан қочиш учун амалдаги ЕИ Барқарорлик пактини модернизация қилишга қаратилган, деб ёзади AFP. 1990-йиллар охирида қабул қилинган қарз қоидаларига кўра, мамлакат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг уч фоизидан ошмаслиги керак. Умумий қарз ялпи ички маҳсулотнинг 60 фоизидан ошмаслиги шарт. Мамлакатлар йилига 60 фоиздан ортиқ қарзнинг беш фоизини тўлаши керак.
Барқарорлик пакти Европа Иттифоқи томонидан коронавирус пандемияси даврида мамлакатларга иқтисодиётга ёрдам бериш учун миллиардлаб доллар қарз олишга рухсат бериш мақсадида тўхтатилган эди. Аввалги қоидаларга қайтиш Европанинг иқтисодий тикланиши учун хавфли ҳисобланади, дея таъкидлайди dpa агентлиги. 19 декабр куни Германия ва Франция молия вазирлари ўртасида бўлиб ўтган музокаралардан сўнг келишилган янги қоидалар барқарорлик пактининг асосий параметрларини сақлаб қолади, бироқ COVID-19 инқирози ва Украинадаги уруш туфайли қарздорлик даражаси юқори бўлган давлатлар учун қарзлар ва бюджет тақчиллигини камайтиришда кўпроқ мослашувчанликни таъминлайди.
Энди бўлажак ислоҳот Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ва Европа парламенти томонидан маъқулланиши керак. Назарий жиҳатдан, у 2024 йил баҳорининг охирида кучга кириши мумкин.
Мавзуга оид
08:08
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
11:29 / 06.11.2024
Украинага ёрдам: ЕИ АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда
10:08 / 06.11.2024
ЕИдаги ёнувчи посилкалар: Литвада гумондорлар ушланди
12:30 / 05.11.2024