Ўзбекистон | 21:50 / 22.12.2023
25892
8 дақиқада ўқилади

Президент маънавият ва маърифат соҳасида 9 та йўналишда муҳим ташаббусларни илгари сурди 

Миллий ғояни ривожлантириш, аёлларнинг таълим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига эътиборни кучайтириш, маънавият ва маърифат масканлари, маданият марказларини ишга тушириш, театр ва кино санъатини ривожлантириш ва бошқа ташаббуслар эътиборга ҳавола қилинди. 

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 22 декабр куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда маънавият ва маданият фаоллари, адабиёт ва санъат намояндалари, шунингдек, Олий Мажлис палаталари, Вазирлар Маҳкамаси вакиллари, вазирлар ва ҳокимлар иштирок этди. 

Давлат раҳбари жаҳон миқёсида тараққиёт суръатлари шиддатли тус олгани, ўта зиддиятли жараёнларнинг таъсири мамлакатимизда ҳам сезилаётганини қайд этди. 

«Тарихдан маълум, Ватан ва халқ тақдирига нисбатан таҳдидлар кучайган вазиятда айнан миллат фидойилари – уйғоқ қалбли зиёлилар, шоир ва адиблар, санъат намояндалари, маънавият ва маърифат соҳаси ходимлари жасорат билан майдонга чиққанлар. Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги, юксак босқичига кираётган ҳозирги пайтда бизга жадид боболаримиз каби ғарб илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрлар сув билан ҳаводек зарур», деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев. 

Маърифатпарвар боболар ғояларини ўрганиш ва ривожлантириш бўйича Президент қарори қабул қилиниши белгиланди. Шунингдек, Бухородаги тарихий масканда Жадидлар мероси давлат музейи очилади, «Жадид» номли янги газета ташкил этилади. 

Президент 9 та йўналишда ўз фикрларини билдириб, муҳим ташаббусларни илгари сурди. 

Аввало, маънавият ва маданият соҳаси учун методик асос бўлиб хизмат қиладиган миллий ғояни ривожлантириш бўйича алоҳида дастур-ҳужжат ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди. Баъзи гуруҳлар орасида диний қарашларни Конституция ва қонунларимизга қарши қўйиш, дунёвий қадриятларни ҳаром деб билиш ҳолатлари афсус билан қайд этилди. Президент бу ўринда Ибрат домланинг «Уламо ғайрат этканда миллат, албатта, ислоҳ топур», деган ҳикматли сўзларини ёдга олди. Зиёлилар, нуронийлар, ҳаж ва умрага бориб келган юртдошларимиз маънавият тарғиботчиси бўлиши, одамларни яхшиликка бошлаши кераклиги айтилди. 

Таълим тизимига қаратилаётган эътибор изчил давом эттирилади. Бу борада ҳам тенглик таъминланиши, хусусан, қиз болаларнинг ўқиши ва касб-ҳунар эгаллаши жамият ривожида муҳим экани алоҳида таъкидланди. 

Иккинчидан, маданий-маърифий соҳадаги ишларда ҳокимларнинг масъулияти оширилади. Туман ва шаҳарларда Маънавият ва маърифат масканлари ишга туширилади. Шу мақсадда, ҳудудлардаги 4 та секторга қўшимча равишда маънавият сектори ташкил этилиши маълум қилинди. Улар жойлардаги Маънавият ва маърифат кенгашларининг ишчи тузилмаси сифатида фаолият кўрсатади. 

Учинчидан, театр санъатини ривожлантириш бўйича дастур ишлаб чиқилади. Унда энг яхши пиесалар учун ижодий буюртма бериш, ижодий ва ёрдамчи ходимларнинг чет эл театрларида маҳоратини ошириш, ёш режиссёрларни қўллаб-қувватлаш учун Маннон Уйғур номидаги мукофот таъсис этиш кабилар назарда тутилади. Корхона ва муассасаларда ойнинг бир куни «Театр куни» деб белгиланиб, ходимларнинг театрларга бориши йўлга қўйилади. 

Тўртинчидан, келгуси йилдан ҳар бир туманда саҳнали зал, кутубхона, кинозал ва тўгарак хоналари бўлган биттадан маданият маркази фаолияти йўлга қўйилади. Жойлардаги 600 дан зиёд бадиий ҳаваскорлик жамоаларининг моддий-техник базасини яхшилаш бўйича дастур қабул қилиниб, бунга 100 миллиард сўм йўналтирилади. 

Бешинчидан, мақом ва бахшичилик санъатини илмий асосда ўрганиш ва ривожлантириш кучайтирилади. Мақом, катта ашула, бахшичилик, атлас ва адрас, кулолчилик ва заргарлик каби анъаналарни давом эттирадиган мактаблар яратилади. 

Олтинчидан, мусиқа ва рақс санъати ривожи қўллаб-қувватланади. Жумладан, «Баҳор» рақс ансамбли илгари Филармония жойлашган машҳур санъат саройида фаолият юритади. Таниқли ашула ва рақс ансамблларининг хорижга гастроль сафарлари кўпайтирилади. Мусиқа ва рақс санъати масалаларини илмий ўрганиш, соҳада илмий кадрларни кўпайтириш мақсадида илмий тадқиқотлар учун грантлар жорий қилинади. Шунингдек, Тошкент давлат цирки биноси таъмирдан чиқарилади. 

Еттинчидан, халқаро майдонда ўзбек маданий дипломатияси кенгайтирилади. Келгуси йили Тошкентда жаҳон креатив иқтисодиётига бағишланган конференция, Нукусда эса «Орол маданияти» халқаро илмий анжумани ўтказилади. Музейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича етти йиллик дастур қабул қилинади. Тарих музейи ҳамда Санъат музейининг янги бинолари барпо этилади. Темурийлар тарихи ҳамда Табиат музейларининг экспозицияси янгиланади. Алишер Навоий номидаги Адабиёт музейи капитал таъмирланади. 

Бундан ташқари, музейларимизда, хусусан, Ислом цивилизацияси марказида Биринчи ва Иккинчи Ренессанс, давлатчилик тарихи ва буюк алломалар фаолияти бўйича янги экспозициялар ташкил қилинади. Франция билан ҳамкорликда Миллий реставрация маркази фаолияти йўлга қўйилади. Муқаддас китоб – Усмон Қуръони саҳифалари консервация қилинади. 

Юртимизнинг кўҳна тарихига бағишланган 18 та археология ёдгорлиги очиқ осмон остидаги музейга айлантирилади. Самарқандда Соҳибқирон Амир Темур боғлари қайта тикланади, «Буюк ипак йўли» музейи барпо этилиб, Бибихоним мажмуаси реставрация қилинади. 

Саккизинчидан, кино соҳаси ривожлантирилади. Бу борада «Тирик тарих» сериясида Ватанимизнинг шонли ўтмишига бағишланган фильмлар яратиш дастури ишлаб чиқилади. Бунга хорижий ижодкорлар, кинокомпаниялар ҳамда инвесторлар ҳам жалб этилади. Шунингдек, болалар учун буюк аждодларимизнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида кўп қисмли анимацион фильмлар яратиш зарурлиги таъкидланди. 

Кинони иқтисодиёт билан уйғун ривожлантириш мақсадида Бухоро, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида «эркин иқтисодий киноҳудудлар» барпо этиш вазифаси қўйилди. 

Миллий сериаллар бўйича мавжуд тизимни тубдан ислоҳ этиш, уларни ғоявий-бадиий ва техник жиҳатдан жозибали даражага етказиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун IT-парк каби эркин иқтисодий зона – «Cinema park» ташкил қилиш ташаббуси илгари сурилди. 

Тўққизинчидан, тасвирий ва амалий санъат соҳасини ривожлантириш бўйича дастур қабул қилинади. Жумладан, Марказий кўргазмалар зали реконструкция қилиниб, жиҳозланади. Бадиий фонд ҳудудида замонавий галерея биноси қурилади ҳамда 40 та ижодий устахонадан иборат Ёш рассомлар маркази ташкил этилади. Хаттотлик ва миниатюра санъати таълимини амалиёт билан боғлаш мақсадида миллий усулда қоғоз тайёрлаш устахонаси ташкил этилади. 

Бошқа тилларда таълим олган ҳамюртларимизни давлат тилини ўрганишга рағбатлантириш чоралари кўрилади. Бошқа тилларга ихтисослашган мактабларда давлат тилини ўқитиш соатлари кўпайтирилади. Ўзбек тили бўйича халқаро фан олимпиадаси ташкил этилади. 

Жамиятимизда китобхонлик маданиятини ошириш қўллаб-қувватланади. Ижодий буюртмалар, муаллиф ва таржимонларга қалам ҳақи кўпайтирилади. Нашриёт ва матбаа корхоналарининг молиявий имкониятларини кенгайтириш мақсадида 5 йилга солиқлардан озод қилинади.

Президент таржима санъатининг аҳамиятига тўхталиб, бундай меҳнатни муносиб рағбатлантириш учун Огаҳий номидаги халқаро мукофотни таъсис этиш ташаббусини илгари сурди. 

Интернет адабиётини ривожлантириш ҳам муҳимлиги таъкидланиб, шу мақсадда адабиёт, кино, тарих, санъат, фолклор намуналарини қамраб олган «Ўзбек маданияти» порталини яратиш вазифаси қўйилди. 

Мавзуга оид