Жаҳон | 08:50 / 25.12.2023
4339
2 дақиқада ўқилади

Беларусда бир йил давомида мамлакатга қайтган 125 киши қўлга олинди

«Вясна» маркази ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, кўплаб Беларус фуқаролари хориждан қайтганидан кейин назорат пунктларида ёки бир неча кундан кейин қўлга олинган.

Фото: gpk.gov.by

2023 йилда Беларуснинг камида 125 нафар фуқароси хориждан мамлакатга қайтганидан сўнг қўлга олинди, деб хабар берди «Вясна» инсон ҳуқуқлари маркази Telegram’да 24 декабр, якшанба куни. Беларуслар ушланиши бўйича ҳолатларнинг аксарияти уларнинг телефони КГБ ёки божхона ходимлари томонидан текширилгандан кейин содир бўлган. 

Кейинроқ қўлга олинганларнинг кўпчилиги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 19.11-моддаси («Экстремистик фаолиятга чақириқларни ўз ичига олган ёки бундай фаолиятни тарғиб қилувчи ахборот маҳсулотларини тарқатиш, тайёрлаш, сақлаш, ташиш») бўйича маъмурий жавобгарликка тортилди. «Улар асосан Литвадан қайтганидан кейин қўлга олинади, аммо текширувлар ва ушлашлар барча мавжуд назорат пунктларида содир бўляпти, жумладан, Россия билан чегарадаги текширувлардан сўнг ҳам қўлга олиш ҳолатлари кузатиляпти», деди ҳуқуқ ҳимоячилари. 

Беларусларга чет элда паспорт олиш тақиқланган

2023 йил сентябр ойидан бошлаб Беларус фуқаролари чет элдаги элчихоналар ва консулликларда паспортларини алмаштира олмайди ёки янгилай олмайди, бунинг учун улар Беларусга шахсан келиши керак. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг таъкидлашича, бу талаб Лукашенко режимига қарши чиққан ва жиноий иш қўзғатиш таҳдиди остида Беларусни тарк этишга мажбур бўлган мамлакат фуқароларини таъқиб қилишга қаратилган. 

Германия Ички ишлар вазирлигининг DW нашрига маълум қилишича, Германияда қонуний истиқомат қилаётган Беларус фуқаролари сиёсий таъқиблар туфайли ўз ватанига паспорт олиш учун қайтиб бора олмаса, улар Германияда чет элликлар учун саёҳат ҳужжати (Reiseausweis für Ausländer) олиш учун ариза топшириши мумкин. Ҳар бир ариза алоҳида кўриб чиқилади. 

Мавзуга оид