Ўзбекистон | 22:49 / 26.12.2023
19326
2 дақиқада ўқилади

“Нафас йўлларининг сурункали касалликлари ва аллергия сабабчиси”. Эксперт – PM2.5 зарралари ҳақида

Тошкент ҳавоси таркибида PM2.5 дисперс заррачалари меъёридан бир неча ўн баробар кўпайиши тез-тез кузатиляпти. Санитария, гигиена ва касбий касалликлар тадқиқоти институти катта илмий ходими Ақида Носированинг Kun.uz'га айтишича, бу ҳолат заррачаларнинг тўқималарда йиғилиб қолиши ва сурункали нафас йўли касалликларига олиб бориши билан хавфли.

Ўзбекистонда, айниқса Тошкентда ҳавонинг ифлосланиб бориши сўнгги 2-3 йил ичида кўпроқ кузатиляпти. Ҳаво таркиби таҳлилига қаралса, заҳарли ҳавонинг асосий қисми PM2.5 дисперс заррачалари экани ойдинлашади. Бу заррача айрим кунлари пойтахт ҳавосида меъёридан 40-50 марта кўпайиб кетади.

PM заррачалари нима? Айнан PM2,5 нега инсон учун жуда хавфли, бу заррача кўп бўлган ҳаводан нафас олиш қандай оқибатларга сабаб бўлади? Kun.uz мухбири бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария, гигиена ва касбий касалликлар илмий–тадқиқот институти катта илмий ходими Ақида Носировага мурожаат қилди.

Мутахассиснинг маълумот беришича, ҳаво таркибидаги муаллақ заррачалар асосан саноат корхоналари, қурилиш жараёнлари, автотранспорт ҳаракати натижасида ҳосил бўлувчи майда дисперс заррачалар ҳисобланади. Улар ўлчамига қараб, РМ10, PM4, РМ2,5 ва PM1 гача бўлади. Булар орасида организм учун энг зарарли диаметр бу – PM10 дан пасти ҳисобланади.

PM10 диаметрдаги майда дисперс заррачалар юқори нафас йўлларидан ўтиб, бронхларгача етиб боради. PM2.5 эса бу ўта майда дисперсли заррачалар бўлгани учун бу газ алмашинуви сабаб содир бўладиган ўпкадаги алвеолалардан қонгача ўтиб, ўпка ва тўқималарда йиғилишни бошлайди ва модда алмашинувига таъсир қилади”, – дейди у.

Ақида Носировага кўра, майда дисперс заррачалар бу ҳужайра мембранасидан ҳам ўтиб боргани учун барча тўқималарда йиғилиши ва бу сурункали давом этиши оқибатида нафас йўлларининг сурункали яллиғланиши, сурункали аллергик касалликлар, токсикологик касалликлар, ҳатто саратонгача сабаб бўлиши мумкин.

Маълумот учун, Тошкент шаҳри ҳавоси таркибида PM2.5 дисперс заррачалари 21 декабр куни эса 57 баробарга ўсгани маълум бўлган эди.

Мавзуга оид