Жаҳон | 13:59 / 29.12.2023
7024
5 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги: 640 мингдан ортиқ аскар шартнома бўйича армияда хизмат қиляпти

Ушбу статистик маълумотлар Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан бери биринчи марта РБК агентлиги томонидан Россия Мудофаа вазирлигининг «Армия рақамларда - 2023» материалларига таяниб хабар қилинди.

Фото: Picture Alliance

Россия Мудофаа вазирлиги Украинага қарши уруш бошланганидан бери биринчи марта мамлакат қуролли кучларида шартнома асосида хизмат қилаётган аскарлар сонини эълон қилди. РБК агентлиги томонидан 28 декабр, пайшанба куни келтирилган Мудофаа вазирлигининг «Армия рақамларда - 2023» материалларига кўра, умумий ҳисобда 640 мингдан ортиқ киши шартнома бўйича хизмат қилмоқда. Аввалроқ Россия президенти Путин 2023 йилда 480 мингдан ортиқ шартнома имзоланганини маълум қилган эди, дея аниқлик киритди агентлик.

РБК хабарига кўра, ҳарбий бўлимдан олинган маълумотларга кўра, БАРС отрядлари таркибида 40 мингдан ортиқ киши Россия ҳаракатларида қатнашган, улардан 7 мингдан ортиғи ҳозирда Украина ҳудудида жанговар топшириқларни бажаришда давом этмоқда. Шунингдек, аниқлик киритилишича, БАРС 2015 йилда Путиннинг қуролли кучлар сафарбарлик резервини яратиш тўғрисидаги фармонига мувофиқ тузилган. Унга казаклар уюшмалари вакиллари ҳам қўшилди. Мудофаа вазирлиги материалларига кўра, энг кўп, 6,5 мингдан ортиқ кўнгиллилар унга Краснодар ўлкаси ва Ростов вилоятидан келган.

«Декабр ойи бошида Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари Дмитрий Медведев йилнинг 11 ойи давомида 452 мингдан ортиқ киши шартнома бўйича ҳарбий хизматга қабул қилинганини маълум қилди», — дейилади РБК мақоласида.

Путин: «Ҳар куни - бир ярим минг»

Россия Федерацияси президенти 14 декабр куни тўғридан тўғри мулоқотда таъкидлаганидек, Россия қўшинларга кўнгиллиларни жалб қилиш бўйича кенг қамровли кампанияни бошлади. «Мамлакат бўйлаб ҳар куни бир ярим минг», деди у. Тақдим этилган маълумотларга кўра, режа 412 минг бўлса-да, 486 минг ҳарбий хизматга жалб қилинган ҳамда «шартномага эга аскарлар ва кўнгиллилар оқими камаймаяпти». Путин, шунингдек, Украинада ҳозирда 244 минг ҳарбий хизматчи бўлиб турганини айтиб, мамлакатда янги сафарбарлик тўлқинига эҳтиёж йўқлигини таъкидлади.

1 декабр куни Путин Россия армиясининг шахсий таркибини деярли 170 минг кишига ошириш ҳақидаги фармонни имзолади. Фармонга кўра, Россия Федерацияси Қуролли кучлари сони 2 209 130 кишини, шу жумладан 1 320 000 нафар ҳарбий хизматчини ташкил қилади. Ҳужжат Кремл сайтида эълон қилинган. Россия Мудофаа вазирлиги армия сони «шартнома бўйича ҳарбий хизматни ўташ истагини билдирган фуқаролар» ҳисобидан оширилишини билдирди.

ВВС: 2023 йилда Россиянинг йўқотишлари бир ярим баравар ошди

Ўтган ҳафта ВВС рус хизмати журналистлари таҳририят «Медиазона» билан ҳамкорликда очиқ манбалардан фойдаланган ҳолда ҳалок бўлганлар исми юритиладиган рўйхатига асосланиб, 2023 йилда Россия ҳарбийларининг Украинадаги йўқотишлари 2022 йилга нисбатан бир ярим баравар кўп бўлгани ва ҳужум аввалидаги 80 минг кишилик кўрсаткичга яқинлашгани тўғрисида хулосага келди.  ВВС маълумотларига кўра, яна 200 минг ҳарбий оғир яраланган.

«Йилнинг асосий тенденцияси - тинч аҳоли сифатида фронтга чақирилганлар орасида йўқотишлар сонининг кескин ўсиши. Биз томонидан аниқланган ҳалок бўлганларнинг учдан икки қисми урушдан олдин армия билан алоқаси бўлмаганлар - кўнгиллилар, сафарбар этилганлар, маҳбуслар ва хусусий ҳарбий компаниялар хизматчилари», дейилади мақолада.

Украинада яна ярим миллион кишини сафарбар қилиш таклиф этилмоқда

Украина президенти Володимир Зеленский 19 декабр куни Олий қўмондонлик штабининг йиғилишида қўшимча 450-500 минг кишини сафарбар қилиш таклифи билан чиқди. Тегишли қонун лойиҳаси тайёрланмоқда, кейин у Олий радага кўриб чиқиш учун киритилади, деди Украина давлати раҳбари. 25 декабр куни Олий рададаги «Халқ хизматкори» фракцияси раҳбари Давид Арахамия Telegram'да «ҳарбий қўмондонлик 500 минг ҳарбий хизматчини сафарбар этиш бўйича сўров юборганини» маълум қилди.

Украина ҳарбий қўмондонлиги сафарбар қилинадиган аскарларнинг аниқ сони бўйича сўров юбормади. Бу сўзлар билан Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний 26 декабр куни миллий телемарафон эфирида журналистларнинг Украина Қуролли кучлари қўмондонлиги нима учун айнан 450-500 минг кишини сафарбар қилишни таклиф этгани ҳақидаги саволига жавоб берди. «Сафарбарлик қилиш зарурати бўйича бу кўрсаткичга келсак, биз уни келгуси йил учун шакллантирдик, бу, албатта, жорий қўшимчани қамраб олиш, янги ҳарбий қисмларни тузиш, шунингдек, йўқотишларимизни прогнозлашни ҳисобга олади. Кўрсаткичларнинг ҳар бири бўйича рақамларни айта олмайман, бу ҳарбий сир», — дея қўшимча қилди Украина Қуролли кучлари бош қўмондони. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид