Жаҳон | 08:22
860
3 дақиқада ўқилади

Дунё армияларида аёллар улуши: кутилмаган етакчилар кимлар?

Сўнгги ўн йилликларда дунё армияларида аёллар иштироки сезиларли даражада ошди. Агар аввал улар асосан тиббий, маъмурий ёки ёрдамчи вазифаларни бажарган бўлса, бугунги кунда кўплаб мамлакатларда аёллар жанговар бўлинмалар, қўмондонлик лавозимлари ва юқори технологияли ҳарбий йўналишларда ҳам фаол хизмат қилмоқда.

Фото: AFP

NATO ва Global Firepower тадқиқот лойиҳаси маълумотларига кўра, турли давлатлар қуролли кучларида аёллар улуши ўртасида катта тафовут мавжуд. Тузилган рейтингда баъзи мамлакатлар кутилмаган натижалар билан етакчилик қилмоқда.

Рейтингнинг биринчи поғонасини Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) эгаллаган. Мамлакат қуролли кучларида аёллар улуши тахминан 40 фоизни ташкил этади.

Иккинчи ўринда Исроил жойлашган бўлиб, бу ерда аёл ҳарбийлар улуши 38 фоизга тенг. Мутахассислар бу ҳолатни мамлакатда аёллар учун ҳам мажбурий ҳарбий хизмат тизими мавжудлиги билан изоҳламоқда.

Учинчи поғонадан Жанубий Африка Республикаси ўрин олган. Бу мамлакатда аёллар армия шахсий таркибининг қарийб 24 фоизини ташкил қилади. Бундай кўрсаткич апартеид даври тугаганидан кейин жорий этилган инклюзив сиёсат натижаси сифатида баҳоланмоқда.

Европа ва Шимолий Америка давлатларида эса вазият бошқачароқ. Бу мамлакатларнинг аксариятида армия ихтиёрий хизмат тамойили асосида шакллантирилади. Шу сабабли аёлларни ҳарбий хизматга жалб қилиш бўйича кўп йиллик дастурларга қарамасдан, уларнинг улуши ҳануз нисбатан пастлигича қолмоқда.



НАТО статистикасига кўра, аёллар алянс давлатлари қуролли кучларида ҳамон етарлича вакилликка эга эмас. 2019 йилда Испания мудофаа вазири Маргарита Роблес НАТО мамлакатлари армияларида аёллар улуши ўртача 12,7 фоизни ташкил этишини маълум қилган эди.

2025 йил учун тайёрланган умумий ҳисоботга кўра, бу кўрсаткич бироз ўсиб, 12–13 фоиз атрофига етган. Бироқ НАТОга аъзо давлатларнинг оз қисмигина Исроил ёки КХДР даражасидаги кўрсаткичларга яқинлаша олган.

Мутахассислар фикрича, глобал миқёсда аёлларнинг ҳарбий хизматдаги иштироки босқичма-босқич ортиб бормоқда. Тобора кўпроқ давлатлар улар учун жанговар мутахассисликлар, қўмондонлик лавозимлари ва техник жиҳатдан мураккаб соҳаларни очмоқда.

Гарчи кўплаб мамлакатлар армиясида тўлиқ гендер мувозанатига эришиш учун ҳали вақт талаб этилса-да, мавжуд статистика аёлларнинг замонавий қуролли кучлардаги ўрни йил сайин мустаҳкамланиб бораётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, тенг имкониятлар масаласи кўплаб давлатларнинг ҳарбий сиёсатида муҳим йўналишга айланмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид