Байден жаҳон ҳамжамиятини «Россияни тўхтатишга» чақирди
АҚШ президенти Россиянинг 29 декабр куни Украина шаҳарларига қилган ҳужумига изоҳ берди. Байденнинг сўзларига кўра, РФнинг мақсади ўзгаришсиз қолмоқда – Украинани йўқ қилиш.
29 декабрга ўтар кечаси Россиянинг Украина шаҳарларига ракета ва учувчисиз учоқлар орқали берган йирик зарбалари бутун дунёга РФнинг Украинага қарши очган урушдаги мақсадлари тўлиқ миқёсли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан деярли икки йил ўтиб ҳам ўзгармаганлигини яна бир бор ёрқин эслатиб турибди, дея таъкидлади АҚШ президенти Жо Байден. 29 декабр, жума куни Оқ уйнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган махсус баёнотида Байден Украинада уруш бошланганидан бери уюштирилган ушбу «энг йирик ҳаво ҳужуми» чоғида Россия Федерацияси фуқаролик инфратузилмасини нишонга олганига эътибор қаратди.
Хусусан, Оқ уй раҳбари ҳужумдан жабр кўрган Днипродаги туғуруқхона ва савдо марказини тилга олди. Жо Байденнинг сўзларига кўра, тунги ҳужум Россия «Украинани йўқ қилиш ва унинг халқини ўзига бўйсундиришга» содиқлигини кўрсатди. «Уни тўхтатиш керак», деди АҚШ президенти.
Байден яна АҚШ Конгрессини Украинага ёрдам беришни маъқуллашга чақирди
АҚШ президентининг таъкидлашича, тунда Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Россия ракеталари ва учувчисиз учоқларининг кўп қисмини уриб туширишга муваффақ бўлган, бунга иттифоқчи давлатлардан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб берилгани ёрдам берган. «Америка халқи ҳаётни сақлаб қолишга ёрдам берганидан фахрланиши мумкин», деди Байден. Шу билан бирга, у Киев ҳали ҳам ташқи ёрдамга муҳтожлигини ва шунинг учун АҚШ Конгресси Киевга ҳарбий таъминот масаласида «кечиктирмасдан ҳаракат қилиши» кераклигини эслатди.
Аввалроқ АҚШ Конгресси дам олиш кунлари бошланиши муносабати билан Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини тасдиқлашни кейинга сурган эди. Вакиллар палатасида республикачи қонун чиқарувчилар сентябр ойи охиридан бери муҳокама қилинаётган Украинага кўп миллиард долларлик ёрдам пакетини келишиш учун қонун чиқарувчи орган ишини бир неча кунга узайтиришдан бош тортди. Кейинчалик Жо Байден пакетга Исроилга ҲАМАСга қарши урушда ёрдам бериш таклифини қўшди, аммо бу маблағ ажратишга туртки бермади.
Бироқ, декабр ойи охирида Байден АҚШнинг 2024 йил учун мудофаа бюджетини имзолади, у эса яқин келажакда Украинага камида 600 миллион доллар ажратишни назарда тутади. Умуман олганда, 2023 йилда АҚШ Киевга 24 миллиард доллардан ортиқ ҳарбий ёрдам кўрсатди, деди Украина президенти Володимир Зеленский.
Байден: вазият Украинадан ташқарида ҳам сезилмоқда
29 декабрга ўтар кечаси Россия ҳужуми ҳақидаги баёнотида Байден Украина халқининг Россияга қарши курашидаги «вазият» «Украинадан анча узоққа боришини» ва НАТО, Европа хавфсизлиги ва трансатлантика келажагига таъсир қилишини таъкидлади. «Россия шунчаки Украинани йўқ қилишга уринмади, балки НАТО бўйича баъзи иттифоқчиларимизга ҳам таҳдид қилди, - деди Америка етакчиси. - Автократларга Европада қўпол ҳаракат қилишга рухсат берилса, Қўшма Штатлар бу вазиятга тўғридан тўғри жалб этилиши хавфи ортади». У яна Украинани қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди.