«Ливерпул» ва «Нюкасл» йилнинг илк ўйинида триллер намойиш этди
«Арсенал» кетма-кет мағлубиятлардан кейин биринчи ўриндан тўртинчи ўринга қулади, Жота ва Салоҳ мерсисайдликларни АПЛда яккапешқадамга айлантирди.
АПЛда йилнинг илк ўйини «Ливерпул»нинг ёрқин ғалабаси билан якунланди.
«Ливерпул» – «Нюкасл» 4:2 (0:0, 4:2)
Голлар: 1:0 – 49 Салоҳ, 1:1 – 54 Исак, 2:1 – 74 Жонс, 3:1 – 78 Гакпо, 3:2 – 81 Ботман, 4:2 – 86, пеналти Салоҳ.
«Ливерпул» – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Гомес, Эндо (Мак Аллистер, 75), Собослаи (Гравенберҳ, 64), Жонс, Салоҳ, Диас (Диогу Жота, 64), Нунес (Гакпо, 64).
«Нюкасл» – Дубравка, Ливраменто, Шер, Ботман, Берн (Ҳолл, 82), Бруно Гимараэс, Лонгстафф, Майли (Алмирон, 54), Жоэлинтон (Ласселс, 82), Гордон, Исак.
Огоҳлантиришлар: Бруно Гимараэс (28), Диас (45), Майли (45), Александер-Арнолд (45), Эндо (65), Жоэлинтон (66), Дубравка (84), Лонгстафф (89).
АПЛда бу сафарги Boxing Day амалда «Арсенал» мухлисларидан бошқа барча учун «Совғалар куни»га айланди. Ҳолбуки «канонирлар» мухлислари «Энфилд»да «Ливерпул» билан стратегик дурангга (1:1) эришганидан кейин Микел Артета жамоаси мавсумнинг асосий фаворити мақомини тасдиқлаганига ишонаётганди.
Аммо лондонликлар учун реаллик ўта бешафқат бўлиб чиқди. «Арсенал» уч кун оралиғида қаторасига икки дербини бой берди. Аввалига — уйда «Вест Ҳэм»га ютқазилди, бу жамоа «Эмирейтс»да 2015 йил августидан буён битта ҳам очко олмаганди. Кейин сафарда — «Фулҳэм»га, бу жамоа «канонирлар»ни 12 йил мобайнида мағлуб эта олмаганди. Натижада — биринчи ўриндан тўртинчи ўринга қулаш ва рақобатчилар учун ҳақиқий байрам.
Унаи Эмери бошқарувида барқарор ўйин намойиш этаётган «Астон Вилла» ва одатда мавсум ўрталаридан кучайишни бошлайдиган ҳамда захирасида битта ўйини бор бўлган «Манчестер Сити» олдинга ўтиб кетди. Энг кўп фойда эса «Ливерпул»га бўлди. Биринчи давра финишидан олдинроқ — «Арсенал» ҳали ютқазмаганида — Юрген Клопп ўз жамоаси лондонликлардан атиги очкога ортда қолиб кетиши мумкинлигини тахмин қилганди. Амалда эса мерсисайдликлар янги йилни биринчи ўринда қарши олди ва бошқа рақибларининг натижаларидан қатъи назар яккапешқадамликни сақлаб қоладиган бўлди.
Клопп эса бунга урғу қаратмаяпти. Йилнинг биринчи ўйини арафасида немис мутахассиси глобал масалаларни муҳокама қилди. Мавсумнинг биринчи қисмида бажарилган ишларни эътироф этди, мавсумнинг иккинчи қисмида қаттиқ меҳнат қилишига тўғри келишини таъкидлади ва албатта «Нюкасл»даги ҳамкасби Эдди Ҳауни мақтаб, ўйини яхши йўлга қўйилган бу жамоани таслим этиш қийинлигини қайд этди.
Лекин бу сўзлар — идеал ҳолатдаги «қарғалар» жамоасига мос келади, уларнинг ҳозирги формасига эмас. Жамоа ҳамон ўз ўйинига эга, аммо жароҳатлар ҳаддан ташқари кўплиги ўйин сифатига таъсир кўрсатмай қолмаяпти. Оқибатда — сўнгги етти расмий ўйиндан олтитасида мағлуб бўлинди, Чемпионлар лигаси ва лига кубогидан чиқиб келинди, қолаверса жамоа миллий биринчиликда еврокубокларга йўлланма берувчи ўринлардан анча ортда қолиб, камтаргина тўққизинчи ўриндан жой олган. Шундай экан, душанба оқшомида «Нюкасл» иккинчи рақам остида ҳаракатланишини тахмин қилиш қийин эмасди.
Амалда эса меҳмонлар Клоппнинг барча комплиментларини оқлашди. Жамоа ҳужумда фаол бўлди ва Ден Бёрннинг голи ҳужум бошланишида Исак микроскопик офсайдда қолиб кетгани туфайли бекор қилинди. Уларни синдириш чиндан ҳам қийин кечди, аммо бунда бошқа омиллар ҳам бор эди. Биринчидан, «Ливерпул» футболчилари ҳаддан ташқари сахийлик қилишди. Иккинчидан, Дубравка феноменал ўйин намойиш этди.
Яққол вазиятларни кўкка совуриш бўйича АПЛда чемпион саналган Нунес словакияликка дарвозабон майдончасидан зарба бериб ҳам, яққол яккама-якка вазиятга чиқиб борганида ҳам гол ура олмади.
Салоҳ эса Диас ишлаган пеналтини голга айлантира олмади, қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Александр-Арнолд тўпни трибуналар томонга қарата тепди, ундан олдинроқ Диаснинг голи Нунес офсайдда қолгани туфайли бекор қилинганди.
Ва булар — биринчи бўлимдаги фақат энг яққол голли вазиятлар эди, бўлим якунларига кўра «Ливерпул» зарба бериш бўйича мавсум рекордини қайд этди (18:1, 5:0 — дарвоза соҳасига аниқ борган зарбалар сони), таблода эса ноллар ўзгармай қолди. Бу 18 зарбадан бири умуман космик вазият эди. Трент ўта ўткир бурчакдан туриб узоқ бурчакни нишонга олди, агар бу тўп дарвозага кирганида ҳозирдан йил голи мақомини олган бўларди.
Нима бўлганда ҳам 1 январ куни парадоксал бўла олди ва булар ҳали ҳаммаси эмасди. Гарчи иккинчи бўлим бошида барчаси ўз жойига тушаётгандек кўринган бўлса-да. Салоҳ барибир йилнинг биринчи голини уришга эришди — у Диас ва Нунеснинг ажойиб комбинациясидан кейин бўш дарвоза қаршисига чиқарилди. Мисрлик футболчи учун бу «Ливерпул» сафида Англия чемпионатида урилган 150-гол бўлди. Турнир АПЛ деб аталиши бошланганидан буён (1992/1993 йиллар мавсумидан буён), бундай натижага фақат тўрт футболчи — Анри «Арсенал»да, Руни «МЮ»да, Агуэро «Сити»да ва Кейн «Тоттенҳэм»да эришганди.
Аммо қизиллар учун бу гол учун 22 уриниш талаб этилган бўлса, «Нюкасл»га у қадар яққол бўлмаган вазият етарли бўлди ва дарвоза соҳаси томон аниқ борган илк зарба голга айланди. Кимгадир бу адолатсизликдек туюлиши мумкин, аммо бу вазият ҳимоячилардан қочиб кетиб нозик пас берган Гордон ва ўз вазиятидан моҳирлик билан фойдаланган Исак манзилига йўлланадиган олқишларни бекор қила олмайди. Шу голдан кейин майдонда янада қизиқарли воқеалар бошланди.
Аввалига — «Ливерпул» футболчилари яна қатор вазиятларни йўққа чиқаришди. Кейин эса Клоппнинг сеҳрли таёқчаси ва ўйин охири қироли Диогу Жота майдонга тушиб келди. Мураббий ушбу португалиялик футболчисини ўзгача деб ҳисоблайди ва унинг ўйинни тушуниш қобилияти уникал эканини айтади. Бир ой ўйнай олмаган Жота 29 декабр куни майдонга қайтишини «Бёрнли» дарвозасига гол уриш билан нишонлаганди, «Нюкасл» билан ўйинда эса ғалабанинг муҳим омилига айланди.
Кейин эса бир неча дақиқа оралиғида Жонс ва Гакпо биттадан гол уришди. Бу голлар ҳам Салоҳникига ўхшаш чиқди. «Ливерпул» футболчилари дарвозабон майдончаси марказидан туриб тўпга тегиниши кифоя қилди, бундай вазиятлардан гол ура олмасликнинг ўзи қийин (фақат Нунесга осон).
81-дақиқада эса «Нюкасл» Ботманнинг голи билан ўйинга қайтаётгандек кўринганди, аммо «Ливерпул» барибир рақибни таслим этди. Жота дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди ва дарвозабонни ўзига фол ишлатишга мажбур қилди. Биринчи бўлимдагидан фарқли ўлароқ Салоҳ бу сафар 11 метрдан аниқ зарба берди. Натижада форвард тўпурарлар пойгасида Ҳоландга етиб олди (14 гол), қолаверса «гол+пас» тизими бўйича АПЛда етакчиликни мустаҳкамлади – 25 (16+9) балл.
Энди Салоҳ хотиржам Африка Кубогига йўл олиши мумкин, Клопп эса бундай формадаги Жота билан унинг йўқлигидан қайғурмаса ҳам бўлади.
1 - With an Expected Goals figure of 7.27 this evening, Liverpool recorded the highest xG total on record (since 2010-11) in a single Premier League game. Bombarded. pic.twitter.com/a0Fy24HHGz
— OptaJoe (@OptaJoe) January 1, 2024
xG Philosophy маълумотига кўра, «Ливерпул» бу ўйинга кутилган голлар бўйича 7,53 натижасини қайд этди. Бу олдин мутлақо кузатилмаган кўрсаткичдир.
Мавзуга оид
11:56 / 02.12.2024
Италияда футболчи ҳушидан кетди, «Сити» яна ютқазди. Кун ўйинлари
11:55 / 01.12.2024
«Барса» аутсайдерга ютқазди, «Арсенал» рақибларни қўрқитмоқда. Кун ўйинлари
11:37 / 28.11.2024
Мбаппе яна уялтирди, ПСВда тарихий камбэк. Кун ўйинлари
11:38 / 27.11.2024