Жаҳон | 10:39 / 03.01.2024
4347
3 дақиқада ўқилади

БМТ махсус маърузачиси Россияни қамоққа ташланган шоирларни озод қилишга чақирди

«Қўрқувни келтириб чиқарадиган ва бошқаларни урушга қарши чиқишдан қайтариш учун уюштирилган сохта суд жараёнлари қўрқитиш воситасига айланди», деди Мариана Кацарова.

Артем Камардин ва Егор Штовба Фото: БМТ

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Россиядаги инсон ҳуқуқлари бўйича махсус маърузачиси Россия ҳукуматини «Маяковский иши» юзасидан айбланувчиларни - кўп йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган икки рус шоирини зудлик билан озод қилишга чақирди. Мариана Кацарова 2 январ, сешанба куни Женевада Артем Камардин ва Игор Штовбага чиқарилган ҳукм «сўз эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича халқаро стандартларга аниқ зид келади» деди. У Россия ҳукуматини, шунингдек, Артем Камардин ҳибсга олинганда унга нисбатан қўлланган қийноқлар ва шафқатсиз муносабат ҳақидаги даъволарни «зудлик билан текшириш»га чақирди. 

«Айбловлар характери, ҳукмлар оғирлиги ва «яширин гувоҳ» кўрсатмаларига асосланган суд жараёнининг ўзи бутун Россия жамиятига аниқ сигнал юборади: шеър, санъат ёки бошқа йўллар билан норозиликни ифода этиш шакллари жиддий оқибатларга олиб келади», деди Кацарова. «Сохта суд жараёнлари қўрқитиш ва бошқаларни урушга қарши чиқишдан тийиб туриш воситасига айланди», деди БМТ махсус маърузачиси. 

Икки шоир урушга қарши шеърлари учун судланди

33 ёшли Артем Камардин, 23 ёшли Егор Штовба ва 27 ёшли Николай Дайнеко 2022 йил сентябр ойи охирида «Маяковский ўқишлари» – Триумфалная майдонида шоир Владимир Маяковский ҳайкали ёнида бўлиб ўтган шеърият кечаларида қатнашгани учун қўлга олинган эди. 

Бунга акция давомида Камардиннинг Донбасс ҳақида шеърларини ўқигани сабаб бўлди. Аввалига шоирларга нисбатан «ЛХР» ва «ДХР» қуролли тузилмалари аъзоларини камситганлик учун иш очилди. Ушлаш чоғида Камардин калтакланган ва унинг сўзларига кўра, зўрланган, шундан сўнг камера олдида кечирим сўрашга мажбур қилинган.

2023 йил март ойида айблов «давлатга қарши фаолиятга чақириш» тўғрисидаги моддага ўзгартирилди. Тергов маълумотларига кўра, Камардиннинг жинояти шундаки, у шеърида чақирув қоғозини олмаслик ва улар асосида ҳарбий хизматга бормасликни тавсия қилган. Штовбани унинг шериги деб аташган. Дайнеко эса май ойида тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди, унинг иши тергов билан келишувга эришганидан кейин алоҳида юритувга олинди. 28 декабр куни Москванинг Твер туман суди Камардинни етти йилга, Штовбани беш ярим йилга озодликдан маҳрум қилди. 

Мавзуга оид