БМТ Россия ва Украинани вазиятни зудлик билан юмшатишга чақирди
«Халқаро гуманитар ҳуқуқ палапартиш ҳужумлар ва фуқаролик объектларига ҳужумларни тақиқлайди», деди БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Тюрк.
БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк 2 январ, сешанба куни Россия ва Украинани жанговар вазиятни юмшатиш, шунингдек, тинч аҳоли ҳимояси ва халқаро ҳуқуқ меъёрларига риоя қилиш учун зудлик билан чора кўришга чақирди.
«Урушнинг хавотирли авж олиши кузатилмоқда, Украина ва Россияда ўнлаб тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Халқаро гуманитар палапартиш ҳужумлар ва фуқаролик объектларига ҳужумларни тақиқлайди», - дея таъкидлади БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси X ижтимоий тармоғида.
Белгород ва Украинанинг бир қатор шаҳарларини ўққа тутиш
Шу куни эрталаб Белгород вилояти губернатори Вячеслав Гладковнинг сўзларига кўра, Белгородни ўққа тутиш пайтида бир киши ҳалок бўлган. Яна 11 киши жароҳатланган. Россия Мудофаа вазирлиги таъкидлашича, бир кун ичида Белгородга учта ракета зарбаси берилди.
3 январ куни эрта тонгда Гладков Telegram’да Россиянинг Белгород ва Белгород тумани узра ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими шаҳарга яқинлашаётганда бир нечта ҳаво нишонларини уриб туширгани ҳақида хабар берди. Унинг сўзларига кўра, «Валуйск шаҳар округидаги Солоти қишлоғи Украина Қуролли кучлари томонидан ўққа тутилган». Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар йўқ, дея қўшимча қилди губернатор.
29 декабр куни Россия қўшинлари Киев ва Украинанинг бошқа шаҳарларига турли ракеталар ва учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланган ҳолда бир неча йирик ҳужумлар уюштирди. Бунга жавобан Украина қўшинлари 30 декабр куни Белгородга ракета зарбалари берди, натижада 24 киши ҳалок бўлди, 100 дан ортиқ киши жароҳатланди. Шу куни Россия Харкивни ўққа тутди. Зарбалардан бири ўша пайтда Германиянинг ZDF телеканали журналистлари истиқомат қилаётган Kharkiv Palace меҳмонхонасига тегди. Суратга олиш гуруҳининг етти аъзосидан икки нафари яраланди.
2 январга ўтар кечаси ҳам Россия армияси Киев ва Харкивни оммавий ўққа тутди.