Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
МРБ раҳбари: Украинадаги фронтга келган россиялик янги аскар ўртача 20–30 дақиқа яшайди
АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Рэтклиффнинг маълум қилишича, Украинадаги урушга янги келган Россия ҳарбий хизматчилари фронт чизиғида ўртача 20–30 дақиқа ичида ҳалок бўлмоқда. У бундай юқори йўқотишларни сунъий интеллект элементлари билан жиҳозланган жанговар дронларнинг кенг қўлланаётгани билан изоҳлади.
Рэтклифф бу ҳақда 15 июл куни АҚШнинг Пенсилвания штатида бўлиб ўтган Мудофаа ва инновациялар саммитида сўзлаган нутқи давомида маълум қилди.
Унинг айтишича, МРБ қўлидаги разведка маълумотлари Украинадаги вазият ҳақида оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган айрим маълумотлар билан уйғун келади.
«Сунъий интеллект асосида ишловчи дронлар ихтисослашган ва нисбатан арзон “ўлдирувчи қурол“га айлангани сабабли ҳарбий хизматчиларнинг омон қолиши тобора қийинлашмоқда», — деди МРБ раҳбари.
Рэтклиффнинг таъкидлашича, Украина томонининг замонавий технологияларни тез ўзлаштириши уруш майдонида кучлар нисбатини маълум даражада тенглаштиришга хизмат қилган. Бу эса Россия армиясининг ҳужум суръатлари сезиларли даражада секинлашишига олиб келган.
Шу билан бирга, Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази (CSIS) ҳам Россия армиясининг Украинадаги йўқотишлари ҳақида янги таҳлилни эълон қилди.
Марказ ҳисоб-китобларига кўра, 2026 йилда Россия Қуролли кучлари Украина армиясига нисбатан саккиз баравар кўпроқ ҳарбий хизматчисини йўқотмоқда. Таҳлилчиларнинг фикрича, 2022 йил февралда бошланган кенг кўламли уруш давомида икки томоннинг жами йўқотишлари (ҳалок бўлганлар, яраланганлар ва бедарак йўқолганлар) тахминан 2 миллион нафарни ташкил этган.
Шундан 1,4 миллионга яқини Россия томонига, қолган қисми эса Украина Қуролли кучларига тўғри келади.
CSIS маълумотларига кўра, урушнинг асосий қисми давомида Россия ва Украина йўқотишлари нисбати 2:1 ёки 3:1 атрофида бўлган. Бироқ 2026 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич тахминан 8:1 гача ўсган.
Таҳлилчиларнинг қайд этишича, Россия армияси йўқотишларининг 90 фоиздан ортиғи тўғридан тўғри қуролли тўқнашувлар эмас, балки Украина қўшинлари томонидан қўлланаётган дронлар зарбалари ҳисобига тўғри келмоқда.
Айни пайтда Рэтклиффнинг баёнотлари ҳамда CSIS келтирган рақамлар мустақил манбалар томонидан тўлиқ тасдиқланмаган. Россия расмийлари мазкур баҳоларга муносабат билдирмаган.
Мавзуга оид
21:37 / 16.07.2026
Сергей Корецкий Украинанинг янги бош вазири этиб тайинланди
20:14 / 16.07.2026
Зеленский яна мудофаа вазирини алмаштирмоқда. Бу намойишларга сабаб бўлди
09:06 / 16.07.2026
Федоров Украина мудофаа вазири лавозимини тарк этди
08:58 / 16.07.2026